Криштиану Роналду Португалия терма жамоасининг Миллатлар лигасидаги ғалабасини нишонлаш мақсадида ҳар бир жамоадошига “Jacob & Co” брендидан махсус тайёрланган ҳашаматли соатлар юборди.
“Sports Casting”нинг ёзишича, ҳар бир соатнинг қиймати 280 мингдан 400 минг долларгача етади.
Журналист Нуно Лузнинг маълум қилишича, Роналду бу ноёб совғаларни ўзининг яқин дўсти — машҳур соатсоз Жейкоб Арабога шахсан буюртма қилган. Соатлар футболчиларнинг исмлари билан безатилган бўлиб, улар Арманистонга қарши ЖЧ–2026 саралаш ўйини олдидан етказилган.
Роналду шу турдаги соатни фожиали автоҳалокатда вафот этган Диого Жота хотираси учун унинг оиласига ҳам юборди. Жота ҳалок бўлишидан бир ой олдин Португалия билан Миллатлар лигаси финалида Испанияни мағлуб этган таркибда ўйнаган эди.
Қабр маросимида иштирок этмагани учун танқидга учраган Роналду кейинчалик Пирс Морганга берган интервьюсида бу қарорини изоҳлаб, эътиборни марҳумнинг оиласидан чалғитишни истамаганини айтган.






