1

«Тушда аён бўлган тақдирим»

МУТОЛАА 20.12.2016, 14:04
Теглар: Хикоя
«Тушда аён бўлган тақдирим»

Фолга ишонмайман, мунажжимларнинг башоратига ҳам. Аммо тушларимга… Бу умуман бошқа масала. Ҳозир бошимдан ўтганларни айтиб бераман, нега тушларга алоҳида ихлос қилишимни билиб оласиз…

 

Ўн олти ёшимда келинлик либосини кийдим. Ўн еттимда эса она бўлдим. Туғруқ жуда қийин кечди. Кесарча кесиш йўли билан туғдириб олишди ва чақалоқ иккимизнинг ҳаётимизни зўрға сақлаб қолишди. Туғруқхонада бир ҳафта ётдик. Ҳали ўзим ҳам, ўғлим ҳам нимжон эдик. Бироқ бу билан ҳеч ким ҳисоблашмади. Ҳамма мендан, ҳали она сути оғзидан кетмай она бўлган боладан намунали келин ва ҳар нарсага улгурадиган аёл бўлишни талаб этарди. Қайнонамнинг пичингу зуғумлари, қайнотамнинг бепарволиги устига эримнинг бераҳмлиги ҳам қўшилди. У онасининг чақувларидан кейин мени аямай дўппослар ва кўчага чиқиб кетар, ичиб келиб,  қийноқларини давом эттирарди.

Аллоҳ ўзи бандасига сабр бераркан. Мурғак гўдагим ота меҳридан бебаҳра қолмаслиги учун ҳаммасига чидадим. Чунки эрим ўғлимизни жуда яхши кўрарди. Бир кун яна арзимаган нарсадан тутақиб мени ура кетди. Қаттиқ итариб юборганди, деворга бошим билан урилиб, бир муддат ҳушсиз ётдим. Кейин эса… бу қилмишим учун ўзимни узоқ вақтгача кечиролмай юрдим… Кейин эса эримни қарғадим. Қаттиқ қарғадим. Шу кунимдан кўра ўлигингга куйиб қўя қолсам эди, бева бўлсам шундан ортиқ қийналармидим, дедим. Яхшики, эрим бу гапларимни эшитмади.

Орадан бир ҳафта ўтгач, ғалати туш кўрдим: оёғимда оппоқ ботинка, аммо бир пойи йўқ эди. Иккинчи пойни зир югуриб қидирдим, топа олмадим. Икки кун ўтгач, эрим маст бўлиб қаҳратон қишда нотаниш бир кўчада йиқилиб тонггача қолиб кетди ва оламдан ўтди. Бу менинг қарғишим туфайли бўлди, деб ўйладим, узоқ ва азобли пушаймон билан ич-этимни ея бошлади.

Қайнонам мени чиқиштирмаслиги тайин эди. Ота-онам олиб кетди. Ўғлим эндигина олти ойлик, ўзим ҳали ўн саккизга ҳам тўлмаган жувон эдим. Тенгдошларим портфель кўтариб лицей-коллежларга қатнаб юрган пайтда мен қора кийдим, бева бўлдим. Бутун умримни яккаю ёлғиз ўғлимга бағишлашга қарор қилдим. Аммо бир куни яна туш кўрдим. Унда раҳматли бобом ҳовлимизга бир йигитни етаклаб кириб: «Бу – Аброр, энди у бизнинг боққа қараб туради», – деди. Бу тушнинг таъбирини ҳеч тополмадим. Кўп ўтмай босмахонага ишга жойлашдим. Ўша ерда босма машинада ишловчи йигит менга узоқдан ғалати-ғалати тикилаётганини сезардим. Бир куни у совчи қўйди. Исми… Аброр экан.

Аброр ака бир ярим яшарлик ўғлим билан тез тил топишиб кетди. Унинг бағрида қувнаб яйраётган жигарбандимни кўриб менинг ҳам қалбимда меҳр уйғонди. Бечора аёли билан беш йил яшаб, бефарзандлик туфайли ажрашган эди. Оила қурдик. Бахтли кунларим бошланди. Мен ҳақиқий аёллик бахтини ҳис этдим. Аброр акам мени жуда яхши кўрар, еру кўкка ишонмасди. Ўғлим ота меҳрини кўриб ўсаётганидан мен ҳам қувонардим. Фақат… Яратган бизга фарзанд берай демасди. Никоҳимизга уч йил тўлса-да, ҳеч ҳомиладор бўла олмасдим. Аброр акам ҳамма айбни ўзида деб билиб кўп сиқиларди. Шифокорларга қатнадик. Ҳеч бири у кишидан айб тополмади. Ҳамма гап менда эди. Ўсмир ёшида туққаним, яна туғруқнинг асоратли ўтгани учун бачадон найларимдан бири битиб қолган экан.

Ўзим оналик бахтига муяссар эдим. Аброр акам ҳам ўғлимга ўз фарзандидек меҳр кўрсатарди. Унга оталик бахтини бера олмаётганимдан азобланардим. Менга билдиришни истамаса-да, ичдан эзиларди. Ахир, ҳаммага айб хотинимда экан деб айта олмаса, биринчи турмушидан ҳам бефарзанд бўлгани учун таниш-билиш, ошна-оғайнилари олдида ўзини ноўнғай тутарди.

Шундай кунларнинг бирида ўғлимни бағримга босганча пешонам шўрлигидан нолиб йиғлай-йиғлай ухлаб қолибман. Тушимга биринчи эрим кирди. У айбдор қиёфада олдимга келиб, менга ўтказган зулмлари учун кечирим сўради, рози-ризолик тилади. «Фарзанд кўролмаётганингга мен айбдорман. Ўзим сенга фарзанд сўрайман», – деди-ю, ғойиб бўлди. Ланж кайфиятда уйғондим. Ўзимча биринчи эримдан розилигимни овоз чиқариб айтдим. Унинг ҳақига тиловат қилдим. Ўзимга ҳам фарзанд тилаб, Яратганга ёлвордим.

Орадан уч ой ўтиб, ҳомиладор бўлганимни билдим. Аброр акамнинг қувончи ичига сиғмас, ўғлимга ҳам аввалгидан зиёдроқ меҳр берарди. Ҳомиладорлик даврим яхши ўтди. Эрим айтганимни муҳайё қилар, қўлимни совуқ сувга урдиргиси келмасди. Ҳақиқий ҳомиладорлик нималигини энди билдим, унинг ҳар лаҳзасидан лаззатланиб яшадим. Тўққиз ой умримнинг энг бахтли лаҳзалари бўлди.

Ой-куним етиб кўзим ёриди. Бу сафар ҳам кесарча кесиш билан туққан бўлсам-да, руҳимдаги кўтаринкилик сабабми, тезда оёққа турдим. Эрим туғруқхонадан чиқишимни шоширмас, яхшилаб ўзингга келиб ол, дерди.

Бир куни боламнинг иситмаси кўтарилди. Шифокорлар гап нимадалигини билолмай ҳайрон эди. Эртасига турли таҳлиллар олишди. Уларнинг натижаси яхши эмасди. Тилаб-тилаб олган кичкинтойимга инфекция юқибди. Энди у боламнинг қонида катта шиддат билан кўпаяр, ҳеч бир дори-дармон енга олмасди. Болам шўрлик азобланди. Аввал ўпкасида йиринг тўпланди, кейин ошқозонида, ичакларида, буйракларида… Шифокорлар кўп уринишди, бироқ бир ярим ой давомида жигарпорам кўз олдимда минг азоблар тортиб, ожиз бир шамдек липиллаб сўнди.

Менда бу дардни кўтарадиган куч йўқ эди. Эсимдан айрилаёздим. Боламни кўчоқлаб дод солганим ёдимда, сўнг беҳуш йиқилдим. Бу нима? Синовми ё жазо? Нега шунча қийнаб, зориқтириб, куттириб, соғинтириб беради-да, бирпасда олиб қўяди? Гўдагимнинг не гуноҳи бор эдики, жаҳаннамий азоблар билан қийналди? Қайси айбим учун жигарпорамнинг узоқ ва азобли ўлимини кўришга маҳкум этилдим?

Чақалоқни кўмиб келдик. Ўша куни негадир бир аҳмоқона хаёл лип этиб ўтди бошимдан: бу сафарги мусибат ҳақида башорат қилгувчи ҳеч бир туш кўрмадим.

Ўз дардим билан бўлиб, бу ўй миямдан кўтарилди. Ўғилчам оёғимга ёпишиб: «Ая, йиғламанг, сизни яхши кўраман» дер, эрим сенда айб йўқ деб юпатишга уринар, бошқалар ҳали кўп фарзанд кўришимни айтиб овутмоқчи бўлишарди. Аммо мен ўзимни айблардим: агар кесарча кесиш эмас, табиий йўл билан туғиб, ўша туғруқхонадан тезроқ чиқиб кетганимда боламга касофат инфекция юқмасди! Шуни ўйлаганим сайин юрагим тилка-пора бўлар, тинмай кўз ёш тўкардим. Олти ойгача давом этди. Кеча эса яна бир туш кўрдим.

…Чақалоғим ўлмаган, аксинча, анча катта бўлиб қолганмиш. Олдимга келиб, юзларимдан оқиб тушаётган ёшларимни артди, мени юпатмоқчидек кулиб қараб турди-да, бирдан чириллаб йиғлаб юборди. Қарасам, таглиги ҳам, бутун кийимлари ҳам жиққа ҳўл. Дарҳол кийимларини алмаштирдим, лекин барибир ҳўл бўлиб қолаверди. Кичкинтойим шундай деди: «Ойи, йиғлайверманг, кўз ёшларингиз ҳамма ёғимни жиққа сув қилиб юборди, атрофимни балчиқ қилиб ташлади. Ортиқ чидай олмайман. Ботиб кетяпман. Бошқа йиғламанг, ойи-и-и…»

Болам шундай дея мендан қочиб кетди. Бугун бир томчи ҳам кўз ёш тўкканим йўқ. Мурғак чақалоғим бу дунёда шунча азоб тортди, гўрида тинч ётсин. Энди йиғламасликка куч топаман. Фақат унинг ҳақига тиловат қиламан.

ШАҲИНА қоғозга туширди

Шарҳлар

Йигирма йил кутилган бахт

16.01.2017, 14:47

— Турмуш қурганимизга йигирма йил бўлди, — деди таҳририятга қўнғироқ қилиб ўзини Динора опа деб таништирган мухлисамиз. — Турмуш ўртоғим иккимиз институтда ўқиб, севишиб, ота-онамизнинг...
Келин қул деганими?

13.01.2017, 15:24

Шаҳло қайнонасининг қадам товушларидан уйғониб кетди. Эндигина кўзи илинганди-я. Қизини ухлатиш қийин, ёшига тўлмай сунъий овқатга ўргатгани учун бир дарди икки бўлган. Шаҳлонинг ўзи белида...
«Севганим чиройли…»

12.01.2017, 16:28

Турмуш ўртоғинг чиройли бўлса ҳам қийин экан. Атрофдаги аёллар ундан кўз узмай туришига чидаш осонми? Бундай вазиятда рашк қилиш, кўз ёш тўкиш, кетаман деб қўрқитиш...
«Дадам ва онамни яраштирганим…»

11.01.2017, 11:26

Макр ишлатиш аёлларга хос, дейишади. Аммо ёш бўлишимга қарамай, мен ҳам макрдан фойдаландим. Буни ёмонликка йўйманг. Оиламизни сақлаб қолиш учун қилдим буни… Бир бошидан айтиб...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1