Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 19 декабрь куни Токио шаҳридаги БМТ университетида сўзлаган нутқида мамлакатининг нега ядровий қуролдан воз кечганини изоҳлади.
Унинг таъкидлашича, Қозоғистоннинг ушбу қарори стратегик узоқни кўра билиш ҳамда тинчлик ва бутун инсоният хавфсизлигига қатъий садоқатнинг ифодаси ҳисобланади. Тўқаев ядровий таҳдидлар кучайиб бораётганини қайд этиб, Қозоғистон ва Япония каби давлатлар ядровий қуролнинг оғир оқибатларини чуқур англай олишини айтган.
“Ҳиросима, Нагасаки ва Семипалатинск ядровий масъулият қанчалик қимматга тушишини эслатиб туради. Мустақилликка эришгач, Қозоғистон тарихий қарор қабул қилиб, Семипалатинск ядровий полигонини ёпди ва дунёдаги тўртинчи энг йирик ядровий арсеналдан воз кечди. Бу заифлик эмас, балки тинчликка садоқат белгиси эди”, деди президент.
Тўқаевнинг айтишича, орадан 30 йил ўтганига қарамасдан, Қозоғистоннинг позицияси ўзгармаган. У халқаро ҳамжамиятни тўлиқ ядровий қуролсизланиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга ҳамда Ядровий синовларни тўлиқ тақиқлаш тўғрисидаги шартноманинг кучга киришини таъминлашга чақирган.
Шунингдек, Қозоғистон президенти ядровий давлатлар ўртасида мулоқотни қайта тиклаш, ядровий қуролни қўллаш ва синовдан ўтказиш таҳдидини бартараф этиш бўйича қатъий чоралар кўриш зарурлигини таъкидлади.
Маълумот учун, 1949–1989 йилларда Қозоғистондаги Семипалатинск полигонида 450 дан ортиқ ядровий синов ўтказилган. 1991 йил 29 августда полигон ёпилган ва Қозоғистон ядровий қуролдан ихтиёрий равишда воз кечган илк давлатлардан бирига айланган.






