АсосийSUG'DIYONA

Байрам олди мўъжизани ўз қўлларингиз билан яратинг!

Аёлларимиз ҳеч тиниб-тинчимайди. Ҳали супур-сидир, ҳали пишир куйдир. Ташқи кўриниш ҳақида эса ҳамма ишни қойиллатиб бўлганидан кейингина қайғуришга тушишади. Аслида мўъжиза яратиш учун бир кунда бир соатгина вақт ажратишнинг ўзи кифоя. Натижа кўзларни қувонтириши кафолатланади.

Биринчи кун—тозаловчи

         Юз

  • Бир чой қошиқ хом гуручни кофемайдалагичда туйинг. Унга 2 ош қошиқ творог ва 1 чой қошиқ илитилган ўсимлик мойини солиб аралаштиринг. Ниқобни юзингизга суртиб 15 дақиқадан сўнг илиқ сувда ювиб ташланг. Сўнг юзингизни бир томчи хушбўй мой солинган совуқ сувда ювиб ташланг.

Қўл ва оёқлар

  • Апельсин шарбати ва ярим стакан ўсимлик ёғини аралаштиринг. Қўл териси ва тирсагингизга суртиб 10 дақиқа уқаланг. Сўнг ювиб, қўл кремини суртинг.
  • Тоғорага илиқ сув қуйиб унга 1 ош қошиқ туз ва 2 чой қошиқ сода солинг. Оёғингиз сувда 15-20 дақиқа турганидан сўнг яхшилаб артиб, крем суртинг (ҳар қандай крем тўғри келади).

Иккинчи кун—озиқлантирувчи

         Юз

  • Майда қирғичдан яримта тозаланган бананни ўтказиб битта тухум сариғи ва 1 чой қошиқ сметана солиб аралаштиринг. Ниқобни юзингизга суртинг ва 20 дақиқадан сўнг илиқ сувда ювиб ташланг.

Соч

  • Битта тухум сариғи, 1 чой қошиқдан шампунь ва асал солиб аралаштиринг. Соч ва бош терингизга суртиб махсус шапка кийинг ва сочиқ билан ўранг. 30 дақиқадан сўнг ювиб ташланг. Бу ниқобдан сўнг сочингиз янада жилоли бўлади.

Учинчи кун—тетиклантирувчи

     Юз

  • 1 стакан қайнатилган сувга 1 ош қошиқ дала қирқбўғинини (хвоща) солинг. Ярим соатдан сўнг пахта тампонларини шу қайнатмада намлаб, қовоқларингизга 20 дақиқага қўйинг. 
  • Бир бўлак қовоқни қайнатинг, сўнг эзиб 1 чой қошиқ сметана билан аралаштиринг. Юзингизга суртинг ва 15 дақиқадан сўнг қайнатилган илиқ сувда ювиб ташланг.

Қўллар

  • Қўлингизга қалин қилиб майонез суртинг. Махсус юпқа қўлқоп, устидан эса эски бошмалдоқли қўлқоп кийинг. 30 дақиқадан сўнг илиқ сувда ювиб ташланг.

Оёқлар

  • Оёғингизни 10 сониядан аввал иссиқ сувга сўнг совуқ сувга ботиринг. Бир-бирига қарама-қарши ванна қон томирлари учун энг керакли муолажа ҳисобланади.

Тана

  • Бир стакан иссиқ сувга 4 ош қошиқ кўк чой солинг. 10 дақиқадан сўнг чой баргларини танангизга суртинг сўнг полиэтилен плёнка ўраб сочиқли ҳалат кийинг.

Тўртинчи кун—мустаҳкамловчи

      Юз

  • Антиаллергия совунини кўпиртиринг. Юзингизни совунлаб (кўз атрофидан ташқари) сўнг шакар упасини енгил уқаловчи ҳаракат билан суртиб чиқинг. Муолажадан сўнг юзингизни қайнатилган илиқ сувда ювиб, намлантирувчи крем суртинг.
  • Бир дона тухум сариғини 2 ош қошиқ творог ва 1 ош қошиқ зайтун ёғи билан аралаштиринг. Сўнг юзингизга суртиб 20 дақиқадан сўнг қайнатилган илиқ сувда ювиб ташланг.

Соч

  • 1 ош қошиқдан асал, алоэ шарбати, соч бальзами ва битта тухум сариғини аралаштириб соч ва бош терисига суртинг. Бошингизни сочиқ билан ўранг. 20 дақиқадан сўнг илиқ сувда ювиб ташланг.

Тана

  • 300 грамм асал ва 200 грамм сувда эритилган қуруқ сутни аралаштиринг. Аралашмани танангизга суртиб танангизни яна юқорида кўрсатилгандек ўранг. 30 дақиқадан сўнг душ қабул қилиб баданингизга озиқлантирувчи крем суртинг.  

Биз баъзан ўзимизга ҳар қанча кўп пардоз бермайлик юзимиздаги норозилик, хафагарчилик ва ғазабланиш акси туфайли керакли натижага эриша олмаймиз. Шу сабаб доим табассум қилинг ва олам сизга кулиб боқади.

ҚУНДУЗХОН тайёрлади

Бошқа янгиликлар