АсосийЖамият

“Мусодара товарлар” номли сохта гуруҳлар орқали фирибгарлик қилганлар қўлга олинди

Тошкент вилоятида Telegram ва Instagram’да божхона номидан сохта саҳифалар очиб, фуқароларни алдаб келган жиноий гуруҳ фош этилди.

'“Мусодара товарлар” номли сохта гуруҳлар орқали фирибгарлик қилганлар қўлга олинди'ning rasmi

Тошкент вилояти ИИББ маълумотига кўра, тезкор-қидирув тадбирлари давомида Telegram ва Instagram’да “Мусодара товарлар” ҳамда “Оптом склад” номлари остида сохта канал ва гуруҳлар ташкил этиб, фирибгарлик билан шуғулланган шахслар аниқланди. Улар Давлат божхона қўмитаси номидан чиқиб, ўзларини тизим ходимлари сифатида таништирган.

Дастлабки терговга кўра, Андижон вилоятида яшовчи 22–25 ёшли 5 нафар шахс арзон нархларда маиший техника, гаджетлар ва бошқа товарларни сотиш ваъда қилиб, 60 нафарга яқин фуқаронинг ишончига кирган. Натижада улар 117 миллион сўмни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

    Бошқа янгиликлар