АсосийЖамият

Humans иловаси билан боғлиқ пул ечиб олиш ҳолати ИИББ томонидан ўрганилмоқда

Humans МЧЖ ва “Octagram” АЖ билан боғлиқ ҳолат бўйича ишчи гуруҳ текширув ўтказди.

'Humans иловаси билан боғлиқ пул ечиб олиш ҳолати ИИББ томонидан ўрганилмоқда'ning rasmi

2025 йил декабрь ойи бошларида ижтимоий тармоқларда Humans иловасига уланган банк карталаридан фойдаланувчилар рухсатисиз пуллар ечиб олингани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Марказий банк Humans МЧЖ компанияси билан боғлиқ ҳолат юзасидан маълумот тақдим қилди.

Маълум қилинишича, Humans компаниясига тўлов хизматларини тақдим этган “Octagram” АЖ тўлов ташкилотида Марказий банкнинг фармойиши асосида ишчи гуруҳ тузилиб, текширув олиб борилган. Текширув маълумотномаси Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига ҳуқуқий баҳо бериш ва чора кўриш учун тақдим этилган.

Humans вакиллари пулларни 4–8 декабрь кунлари фирибгарлар томонидан ечиб олинганини маълум қилган. Компания айбсизлигини таъкидлаб, муаммо Paylov хизматининг техник хатоси ортидан юзага келганини билдирган. Аммо Paylov фирибгарлик операциялари Humans томонидан амалга оширилганини иддао қилган.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 14 октябрда Тошкент туманлараро иқтисодий суди Humans компаниясини банкрот деб топган ва унинг фаолиятини тўхтатмаган ҳолда тугатиш жараёнини бошлаган эди.

Фуқаролар ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида Марказий банк, Humans билан боғлиқ ҳолатда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишни сўрамоқда.

    Бошқа янгиликлар