АсосийДунё

Европада кучли қор бўрони инсонларнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлди

Европанинг бир қатор мамлакатларида кучли қор ёғиши транспорт ҳаракатини издан чиқарди.

'Европада кучли қор бўрони инсонларнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлди'ning rasmi

Сўнгги кунларда Европанинг кўплаб ҳудудларини кучли қор қоплади. Франциянинг жануби-ғарбида 6 январь куни содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 3 киши ҳалок бўлди, 15 киши жароҳат олди. Париж атрофида яна 2 киши автоҳалокатлар сабаб вафот этди.

Аввалроқ, 5 январь куни кечқурун бир ҳайдовчи автомобили билан Марна дарёсига тушиб кетиб, шифохонада вафот этган, яна бир киши юк машинаси билан тўқнашувда ҳалок бўлган.

Босния ва Герсеговина пойтахти Сараевода эса аёл киши дарахт шохи босиб қолиши оқибатида ҳаётдан кўз юмди.

“Euronews” хабарига кўра, Амстердамдаги Схипҳол аэропортида бир кун ичида қарийб 600 та рейс бекор қилинган. Бунга учиш-қўниш йўлакларини тозалаш ва самолётларга музга қарши ишлов бериш зарурати сабаб бўлган. Синоптиклар ҳафта давомида қор ёғиши давом этишини кутмоқда.

Кучли совуқ Буюк Британиянинг шимолий ҳудудларида ҳам қайд этилди — тунда ҳаво ҳарорати −12,5 даражагача тушди.

Қор ёғиши темирйўл, автомобиль ва ҳаво қатновига салбий таъсир кўрсатиб, юзлаб мактаблар ёпилишига сабаб бўлди.

    Бошқа янгиликлар