АсосийЖАМИЯТ

Покистон Афғонистон ҳудудига зарба берди

Айни пайтда “Толибон” расмийлари BBC'га берган маълумотида Покистон авиацияси зарбалари оқибатида камида 100 киши ҳалок бўлган ёки жароҳатланганини билдирган.

'Покистон Афғонистон ҳудудига зарба берди'ning rasmi

Покистон 28 июнь куни Афғонистон билан чегарадош учта вилоятга ҳаво зарбалари бериб, қуруқликда ҳам ҳарбий операция ўтказди. Исломобод ушбу амалиётлар натижасида камида 29 нафар жангари йўқ қилинганини маълум қилди. “Толибон” эса ҳужумлар оқибатида ўнлаб одамлар ҳалок бўлгани ва жароҳатланганини билдириб, Покистон ҳаракатларини “жиноят” деб баҳолади. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.

Покистон Ахборот вазири Аттауллоҳ Тарорнинг маълум қилишича, қуруқликдаги операцияларда “Жамоат ул-Аҳрор” гуруҳининг тўрт нафар аъзоси ўлдирилган. Мазкур тузилма “Таҳрики Толибон Покистон” таркибига киради.

Шунингдек, Афғонистоннинг Пактия, Пактика ва Кунар вилоятларидаги учта нишонга ҳаводан зарбалар берилган. Покистон томонининг даъвосига кўра, мазкур ҳужумлар оқибатида яна 25 нафар жангари йўқ қилинган ҳамда катта миқдордаги қурол-яроғ ва ўқ-дорилар йўқ этилган.

Айни пайтда “Толибон” расмийлари BBC'га берган маълумотида Покистон авиацияси зарбалари оқибатида камида 100 киши ҳалок бўлган ёки жароҳатланганини билдирган.

“Толибон” матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид Покистоннинг ҳаракатларини кескин қоралади.

“Покистоннинг ҳаво ҳужумлари оқибатида ўнлаб одамлар ҳалок бўлди ва жароҳатланди. Улар орасида аёллар ва болалар ҳам бор. Биз бу қўрқоқларча босқинчиликни жиноят ва ваҳшийлик деб ҳисоблаймиз”, деди у.

“Толибон” ҳукумати матбуот котиби ўринбосари Ҳамдуллоҳ Фитратнинг айтишича, Покистон ҳарбийлари Пактика вилоятининг Гаян, Пактия вилоятининг Чарх ва Кунар вилоятининг Маноги туманларини бомбардимон қилган.

Покистон Ахборот вазири Аттауллоҳ Тарор эса мазкур операциялар мамлакатда сўнгги вақтларда содир этилган бир қатор террорчилик ҳужумларига жавоб эканини таъкидлади. Хусусан, Карачи шаҳрида “Жамоат ул-Аҳрор” аъзолари Синд рейнжерлари объектига қуролли ва портловчи моддалар ёрдамида ҳужум қилган. Оқибатда уч нафар ҳарбий ҳалок бўлган, яна тўрт нафари жароҳатланган.

Покистон расмийлари узоқ йиллардан буён Афғонистондаги “Толибон” ҳукуматини мамлакат ҳудудида фаолият юритаётган жангари гуруҳларга бошпана бераётганликда айблаб келади. Кобул эса бу айбловларни мунтазам равишда рад этиб келмоқда.

    Бошқа янгиликлар