Тошкент шаҳри Сергели туманида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ ЙҲХБ Ахборот хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 7 январь куни соат 16:50 ларда Қипчоқ кўчасида BYD русумли автомашина ҳайдовчиси светофорнинг тақиқловчи қизил чироғида ҳаракатланиб, иккинчи даражали йўлдан орқага қайрилаётган Nexia-3 rusumli автомашина билан тўқнашган. Шундан сўнг у тўхтаб турган Cobalt русумли автомобилни ҳам уриб кетган.
Қайд этилишича, BYD автомашинасини бошқарган шахсда ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган ва у транспорт воситасини бошқариш кўникмасига эга эмас. Тўқнашувдан сўнг у саросимага тушиб, қисқа масофага ҳаракатланган ҳолда тўхтаган. Ҳайдовчи ЙТҲ жойини тарк этмаган.
Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Ички ишлар органлари барча йўл ҳаракати қатнашчиларини қоидаларга қатъий риоя қилишга чақирмоқда.






