Бухоро вилоятида номаълум шахс Telegram ижтимоий тармоғида вилоятдаги нуфузли ташкилот раҳбари номидан сохта аккаунт очиб, фирибгарлик қилгани аниқланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Маълум бўлишича, гумонланувчи ишонч уйғотиш мақсадида саҳифага мансабдор шахсга тегишли суратларни жойлаштириб, ўзини юқори лавозимли раҳбар сифатида кўрсатган. Сўнг вилоятда фаолият юритаётган бир қатор корхона ва ташкилот раҳбарларига “хизмат топшириғи” мазмунида хабарлар юборган.
У турли баҳоналар билан топшириқни ўзи келиб бажара олмаслигини билдириб, масалани тез ҳал этиш учун пул маблағларини пластик карта орқали ўтказиб беришни сўраган. Натижада ташкилот раҳбарларидан бири унинг гапларига ишониб, банк картасига 8 миллион сўм пул ўтказган.
Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ушбу жиноятни 1980 йилда Олот туманида туғилган, муқаддам бир неча бор судланган, ҳозирда ишсиз ва Когон туманида яшовчи фуқаро содир этгани аниқланган.
Ҳозирда унинг бошқа шунга ўхшаш жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилган, тергов давом этмоқда.






