Россияда “рус дунёси” мафкурасининг асосий назариячиси сифатида танилган Александр Дугиннинг Ўзбекистон ва бошқа собиқ СССР давлатлари суверенитетини очиқ инкор этувчи баёноти минтақада навбатдаги ахборот шов-шуви эмас, балки жиддий сиёсий сигнал сифатида қабул қилинмоқда.
Кузатувчилар эътибор қаратган жиҳат — бу якка ҳолат эмас. Куни кеча Владимир Соловьёв Марказий Осиёда “махсус ҳарбий амалиёт” ўтказиш мумкинлиги ҳақида гапирган бўлса, бугун Дугин суверен давлатларнинг мавжудлигини умуман рад этмоқда. Бу чиқишлар Россия сиёсий-ахборот муҳитида постимпериячилик тафаккури ҳали ҳам фаол эканини кўрсатади.
Жамоат фаоли Илёс Сафаров бундай баёнотларни “тасодиф ёки шахсий фикр” деб баҳолаш хато эканини таъкидлайди. Унга кўра, бу хавфли мафкуравий сигнал бўлиб, унга юмшоқ дипломатия билан жавоб бериш самара бермайди.
Куч сиёсатига таянадиган томон фақат қатъий позицияни тан олади. Суверенитетнинг очиқ инкор этилишига жавобсизлик хавфсизлик вакуумни келтириб чиқаради. Доимий сукут босаёқлик эмас, заифлик сифатида қабул қилинади, — дейди у.
Сафаров бундай ҳолатда энг биринчи қадам сифатида шовинистик чақириқлар билан чиққан шахсларни persona non grata деб эълон қилиш, кейин эса уруш ва босқинчиликни тарғиб қилаётган айрим Россия телеканалларини ахборот хавфсизлиги нуқтаи назаридан чеклаш зарурлигини айтмоқда. Унинг фикрича, агар бу чоралар ҳам етарли бўлмаса, Марказий Осиё давлатларининг жамоавий сиёсий жавоби кун тартибига чиқиши керак.
Парламент минбари нега жим?
Бу фон ортида яна бир савол ўртага чиқмоқда: Россия пропагандасига қарши муносабат фақат ижтимоий тармоқларда қолиб кетмаслиги керак эмасми?
Журналист Анoра Содиқ бу масалада "Миллий Тикланиш" демақратик партия раиси ва депутат Алишер Қодиров мисолини келтиради. Қодиров Россия пропагандачиларига Telegram орқали тез-тез жавоб қайтариб келади. Аммо у оддий блогер эмас — у парламент минбарига эга сиёсий шахс.
Агар Россия таъсири ва пропагандаси ҳақиқатан ҳам хавф бўлса, нима учун бу масала айнан парламент даражасида, давлат хавфсизлиги масаласи сифатида кўтарилмаяпти?"— деган саволни қўяди у.
Расмий позиция қандай?
Алишер Қодиров эса аввалроқ билдирган муносабатида рус шовинистларининг чиқишлари янгилик эмаслигини таъкидлаган. Унга кўра, халқаро ҳуқуқни бузишга даъват қилувчи бундай баёнотларни совуққонлик билан қабул қилиш лозим.
Қодиров Ўзбекистон ташқи сиёсати ўзаро манфаатли ва амалий ҳамкорликка асосланиши, барча давлатлар билан халқаро ҳуқуқ тамойиллари асосида муносабат юритиш давлат сиёсати устувор йўналиши бўлиб қолишини қайд этган. Шу билан бирга, Россия ОАВларидаги кескин баёнотлар икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик руҳига путур етказаётганини ҳам тан олган.
Унинг таъкидлашича, Марказий Осиё — хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик минтақаси бўлиб, ҳар қандай тажовузга жавоб беришга қодир давлатлар макони ҳисобланади.
Дугин ва Соловьёв каби шахсларнинг чиқишлари алоҳида баёнотлардан кўра кенгроқ контекстга эга. Улар минтақа суверенитети, ахборот хавфсизлиги ва давлат позициясининг қатъийлиги ҳақида очиқ саволлар қўйяпти. Бу саволларга жавоб эса фақат Telegram постлари ёки якка муносабатлар билан эмас, институционал ва принципиал даражада берилиши кутилмоқда.






