Испаниянинг Кордова вилоятида юз берган йирик темирйўл ҳалокати оқибатида камида 21 киши вафот этди, қарийб 100 нафар йўловчи турли даражада жароҳат олди.
“Reaturs” хабарига кўра, фожиа 18 январь куни Испаниянинг жанубида, Кордова вилоятидаги Адамус шаҳри яқинида содир бўлган. Маълум қилинишича, тезюрар поездлардан бири рельсдан чиқиб, қарши йўналишга ўтиб кетган ва иккинчи поезд билан тўқнашган. Ҳодиса натижасида ҳар икки поезд рельсдан чиққан, улардан бири эса баландликдан ағдарилиб кетган.
Полиция маълумотларига кўра, ҳалок бўлганлар сони камида 21 нафарни ташкил этмоқда, 100 га яқин йўловчи жароҳат олган, улардан 25 нафари оғир аҳволда. Барча жабрланувчилар Андалусиядаги тиббий муассасаларга етказилган.
Ҳалокат маҳаллий вақт билан соат 18:40 атрофида, Кордовадан Мадридга йўл олган Ирё хусусий операторига тегишли поезд жўнаб кетганидан кўп ўтмай содир бўлган. Иккинчи поезд — Renfe компаниясига қарашли Алвиа — Мадриддан Уэлвага ҳаракатланаётган бўлиб, тўқнашув вақтида унинг тезлиги тахминан 200 км/соатни ташкил этган.
Ҳодисанинг сабаблари ҳозирча аниқланмаган. Испания транспорт вазири Оскар Пуэнте тўғри йўл участкасидан чиқиб кетиш ҳолати жиддий саволлар уйғотаётганини билдирган. Ҳолат бўйича темирйўл инфратузилмаси оператори Адиф томонидан тергов олиб борилмоқда.
Фожиа жойига қутқарув хизматлари ва ҳарбий бўлинмалар жалб этилган. Испания бош вазири Педро Санчес барча режалаштирилган тадбирларини бекор қилиб, вазиятни шахсан назоратга олган. Қироллик оиласи ҳалок бўлганлар яқинларига ҳамдардлик билдирди.






