Бирлашган Араб Амирликларида тинчлик, ижтимоий адолат ва динлараро тотувликни мустаҳкамлашга қаратилган нуфузли “Инсоний биродарлик” (Zayed Award for Human Fraternity) мукофотининг 2026 йилги совриндорлари эълон қилинган эди. Бу йил мукофот Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги тарихий тинчлик келишуви ҳамда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Зарқа Яфталига насиб этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари, мукофот ҳакамлар ҳайъати таркибида Марказий Осиёдан ягона вакил бўлган Саида Мирзиёева совриндорларни табриклади.
“Шайх Зоид номидаги ‘Инсоний биродарлик’ халқаро мукофоти ҳакамлар ҳайъатида иштирок этиш ва 2026 йилги мукофот совриндорларини чин дилдан табриклаш мен учун катта шараф. Озарбайжон ва Арманистон ўртасида эришилган тинчлик келишуви ҳатто узоқ йиллар давом этган мураккаб низоларни ҳам ҳал этиш мумкинлигини яққол намоён этди”, — дейди Саида Мирзиёева.
Шунингдек, у афғонистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Зарқа Яфталининг фаолиятини алоҳида эътироф этиб, унинг қизларнинг таълим олиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш йўлидаги кўп йиллик саъй-ҳаракатлари бутун жамиятлар келажагини ўзгартиришга қодир эканини таъкидлади.
“Мен учун тинчлик ҳам, қизларнинг таълимга бўлган ҳуқуқлари ҳам жамиятларнинг барқарорлиги ва тараққиёти билан узвий боғлиқ бўлган муҳим қадриятлардир”, — дейди Президент администрацияси раҳбари.
Маълум қилинишича, мукофотни топшириш маросими 2026 йил 4 февраль куни БМТ томонидан белгиланган Халқаро инсон биродарлиги кунида бўлиб ўтади.






