Исроил АҚШ билан янги 10 йиллик хавфсизлик келишуви бўйича музокараларга тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда 27 январь куни Financial Times хабар берди. Қайд этилишича, келгуси ҳафталарда бўлиб ўтиши кутилаётган музокараларда Исроил қурол-яроғ савдосини кенгайтириш ҳамда қўшма ҳарбий ва мудофаа дастурларини ривожлантиришни мақсад қилган.
Исроил Ҳарбий ва мудофаа вазирлигининг собиқ бош молиявий маслаҳатчиси Гил Пинчаснинг таъкидлашича, ҳамкорлик фақат молиявий ёрдам билан чекланиб қолмаслиги керак. Унинг сўзларига кўра, ҳар йили АҚШ томонидан ажратиладиган 3,3 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам келажакда қисқартирилиши мумкин.
Маълумот ўрнида, 2016 йилда АҚШ ва Исроил ўртасида 2028 йил сентябригача амал қиладиган 10 йиллик меморандум имзоланган бўлиб, унга кўра Исроилга жами 38 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам ажратилиши белгиланган. Шунингдек, Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху яқин ўн йилликда мамлакатнинг АҚШ ҳарбий ёрдамига қарамлигини камайтириш режалари борлигини билдирган.






