Тошкент вилояти ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” давлат муассасаси директори ўринбосари хизмат мавқеидан фойдаланиб, пудратчи ташкилот фойдасига қарор чиқартириш эвазига 7 минг АҚШ доллари миқдорида пора олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўлга олинди.
Маълум қилинишича, у “Шаффоф қурилиш” тизими орқали 2 млрд 73 млн сўмлик капитал таъмирлаш объекти бўйича 1,1 млрд сўм бўнак ўтказиб бергани учун аввал 2 минг доллар, кейин эса пеня ундириш ҳақидаги даъводан воз кечтириш эвазига яна 5 минг доллар олган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.
Шунингдек, Тошкент вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси туман бўлимларидан бирининг раҳбари кўп йиллик дарахтларни кесишга рухсат бериш эвазига 3 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Ушбу мансабдорга нисбатан ҳам пора олиш моддаси билан жиноят иши очилди.
Наманган вилояти Поп туманида эса маҳалла ҳоким ёрдамчиси давлат захирасидаги 90 сотих ер майдонини олиб беришни ваъда қилиб, тадбиркордан 4500 АҚШ доллари олган. Кейинчалик ваъда қилинган ишни бажара олмагани сабаб маблағнинг бир қисмини қайтарган вақтида ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ушланди. Ҳозирда унга нисбатан фирибгарлик моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






