Таъкидлаш жоизки, бу чин маънода тарихий ташриф бўлди. Ўтган бир йил давомида марказ биноси тўла қуриб битказилди. Марказ фаолиятини такомиллаштириш, контентини бойитиш ишларига 40 дан ортиқ мамлакатдан мутахассислар, дизайнерлар жалб қилиниб, ҳурматли Президентимиз ғоя ва ташаббуслари билан бунёд этилган ушбу мегалойиҳага сафарбар этилди.
2025 йилнинг сентябрь ойида давлатимиз раҳбари БМТнинг юксак минбаридан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қуриб битказилгани, тез орада фойдаланишга топширилиши ҳақида маълумот берди. Таъкидлаш жоизки, ўтган давр ичида ички контент янада бойитилди. Марказ жаҳон аҳлининг эътибори марказидаги бетакрор масканга айланди. Бугун дунёнинг турли нуқталаридан келган олий мартабали меҳмонлар, давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари, марказ фаолияти, цивилизациялар, шахслар ва кашфиётларга оид илмий лойихалар билан якиндан танищиб, жаҳоннинг машҳур инсонлар бу ҳақиқатни баралла эътироф этишмоқда.
Бугунги кунда дунё чуқур цивилизацион ўзгаришлар даврини бошдан кечирмоқда. Технологик тараққиёт ахлоқий англашдан илгарилаб кетмоқда, глобал инқирозлар эса – геосиёсий тўқнашувлардан тортиб маданий ўзликни йўқотишгача – тобора кўпроқ инсониятнинг мулоқотга қодирлиги масаласини кун тартибига қўймоқда. Дин кўп ҳолларда можаролар воситасига, маданият эса бўлиниш чизиғига айланаётган бир пайтда, цивилизацион мулоқотга унинг асл, яратувчан моҳиятини қайтаришга қодир бўлган янги платформаларга эҳтиёж кескин ортиб бормоқда.
Ана шундай тарихий паллада Евроосиёнинг қоқ марказида – буюк цивилизациялар ва империялар вужудга келган, минг йиллар давомида савдо йўллари, динлар, илмий мактаблар ва маданиятлар туташган заминда янги турдаги ноёб макон – Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази дунёга келди. Унинг барпо этилиши тасодиф эмас ва қандайдир популистик лойиҳа маҳсули ҳам эмас. Бу – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг стратегик дунёқарашининг бевосита ифодасидир.
Президентимиз 2017 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбаридан жаҳон ҳамжамиятига мурожаат қилиб, ислом цивилизациясининг жаҳон тарихидаги асл ўрнини тиклашга, шунингдек, муқаддас ислом дини асосида маърифат, илм-фан ва инсонпарварлик қадриятлари ётганини, экстремизм ва жаҳолатни фақат билим ва маданият кучи билангина енгиш мумкинлигини эслатган эди.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш қурилаётган Ислом цивилизацияси марказига ташрифи чоғида ушбу йўналишга юқори халқаро баҳо бериб:
«Президентингиз Шавкат Мирзиёев – буюк ва нуфузли раҳбар, у БМТнинг олий минбаридан мулоқот, маърифат ва ўзаро ҳурмат ғояларини изчил илгари сурмоқда» деган эди. Бу сўзлар жаҳон ҳамжамияти аллақачон англаб етган ҳақиқатни акс эттиради: Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон тарихнинг чеккасида қолган ҳудуд эмас, балки унинг фаол бунёдкорларидан бирига айланди.
Ўз навбатида, Президент Ўзбекистоннинг БМТ минбаридан қилган мурожаати Марказ учун – нафақат улкан меъморий иншоот сифатида, балки жаҳон миқёсидаги мутлақо янги гуманитар модель сифатида – интеллектуал ва илмий пойдевор бўлиб хизмат қилди. Бу модель доирасида ислом буюк цивилизациялар тарихи орқали намоён бўлади: айнан шу цивилизациялар бағрида илмий инқилоблар юз берган, университетлар ва академиялар, кутубхоналар ва лабораториялар барпо этилган, тиббиёт ва фалсафа, санъат ва илмий изланишнинг асослари қўйилган, замонавий дунё интеллектуал негизи шаклланган.
Ўзбекистон Президентининг шахсий сиёсий иродаси, стратегик қарашлари ва изчил етакчилиги туфайли Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш ғояси ҳақиқатан ҳам кўлами, мазмун-моҳиятининг кенглиги ва халқаро аҳамияти жиҳатидан мисли кўрилмаган форматда амалга оширилди. Янги давр талабларидаги музей, илғор илмий-тадқиқот инфратузилма, энг замонавий кутубхона, Марказий Осиё цивилизациялари ривожини қамраб олган миллий ва халқаро архив тизими, рақамли гуманитар технологиялар ҳамда глобал илмий-маданий ҳамкорликнинг кенг тармоқларини бирлаштирган ноёб цивилизацион мажмуа яратилди.
Ушбу лойиҳага Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳам юксак баҳо бериб, шундай деган:
«Бу улкан ва ноёб иншоотдир. Дарҳақиқат, бу – илмий, туристик ва этномаданий лойиҳа. Ўзбекистон Президентининг фикрига қўшиламан: Ислом цивилизацияси маркази бу ерда, Тошкентда, жуда муҳим соҳада илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш учун умумий майдонга айланиши мумкин».
Жаҳон экспертлари таъкидлаганидек, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази – оддий инфратузилмавий объект ёки маданий сиёсатнинг рамзий ифодаси эмас. Бу – Ўзбекистон етакчисининг замонавий глобал чақириқларга онгли цивилизацион жавоби. Бу – ислом олами тарихида илк бор шундай улкан кўламда, цивилизациялар ўртасидаги ҳақиқий мулоқот учун глобал ва доимий амал қилувчи платформа сифатида яратилган лойиҳа.
Аслида, Ўзбекистон тарихда илк бор ўз зиммасига тарихий ва маънавий миссияни олди – ислом дини ва ислом цивилизацияси тушунчасининг қиёфасини бузиб талқин этишга анъанавий сафсата ва халқаро форумлар ҳамда конференциялардаги баёнотлар билан эмас, балки жаҳон аҳамиятига эга бўлган ҳақиқий, амал қилувчи интеллектуал маконни яратиш орқали қарши туришга бел боғлади.
Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев бу маънони аниқ ифода этиб, шундай таъкидлади:
«Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан барпо этилган Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, биз яна бир бор мамлакат раҳбариятининг ўзбек халқининг бой маданий ва маънавий қадриятларини асраш ва тарғиб этишга чуқур садоқатини кўрдик. Айрим мамлакатларда динимизга нисбатан ҳужумлар кучаяётган, исломофобия эса тизимли тус олаётган бир шароитда Ислом цивилизацияси марказининг очилиши алоҳида аҳамият касб этади. Ушбу Марказ бутун дунёга ислом – бунёдкорлик, гуманизм, бағрикенглик, дўстлик ва биродарлик дини эканини яққол намоён қилади».
Экспертлар ва сиёсатчилар бир овоздан таъкидламоқдаки, мазкур лойиҳа радикализмга ва ислом қиёфасини бузиб кўрсатишга қарши гуманитар ҳимоя – куч билан эмас, билим билан яратилган қалқонга айланди.
Марказ фаолияти учун маданий меросни қайтариш жараёни алоҳида аҳамиятга эга. Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғига биноан махсус давлат ва дипломатик механизмлар яратилди, бу эса Марказга дунёдаги энг йирик аукцион уйлари – Sotheby’s, Christie’s, Bonhams – шунингдек, етакчи музей тузилмалари ва хусусий коллекционерлар билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини берди. Натижада мамлакатга тахминан икки мингга яқин ноёб артефактлар қайтарилди. Улар орасида Ибн Сино қўлёзмалари, Беруний асарлари, Темурийлар даври миниатюралари, ислом санъати дурдоналари ва ўн йиллар, ҳатто асрлар давомида Ватан ҳудудидан ташқарида сақланиб келган бошқа беқиёс ёдгорликлар бор.
Бу – Марказнинг улкан музей экспозицияларини бойитишгина эмас, балки Марказий Осиёнинг цивилизацион хотирасини қайтариш ва тарихий адолатни тиклашнинг ҳақиқий амалиётдаги ифодасидир.
Шу нуқтаи назардан, Парагвай Республикаси Президенти Сантьяго Пенья Марказ экспозициялари билан танишар экан, ўз ҳайратини яширмади:
«Ислом цивилизацияси маркази экспозициялари билан танишув менда жуда кучли таассурот қолдирди. Инсоният цивилизацияси тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган кўплаб илмий ва маданий ютуқлар айнан шу заминда илк бор вужудга келган. Афсуски, дунёда ҳамма ҳам алгебра, тиббиёт ва бошқа фанлар соҳасидаги илк фундаментал асарлар айнан шу ерда пайдо бўлганини билмайди. Бу ташриф мени илҳомлантирди ва Ўзбекистон улкан салоҳиятга эга эканига ишончимни мустаҳкамлади. Ўзбекистон тарихи ҳақиқатдан ҳам ноёбдир».
Бу сўзлар Янги Ўзбекистон сиёсати туфайли мамлакат яна бир бор жаҳон билан ўзининг ҳақиқий тарихи тилида сўзлаша бошлаганининг эътирофидир.
Экспертлар ва сиёсий етакчиларнинг фикрича, Ўзбекистон Президенти фақат ўтмишни тиклаш ва бугунни англаш билан чекланмай, келажакни изчил ва мақсадли равишда шакллантирмоқда. Шу боис Ислом цивилизацияси маркази аввал бошдан динамик ривожланувчи тизим – халқаро илмий платформа, медиамайдон, нашриёт ва таълим маркази сифатида вужудга келди. Бу ерда исломшуносликнинг янги авлоди, илғор музей технологиялари ва замонавий маданий дипломатиянинг янги йўналишлари шаклланмоқда.
Финляндия Республикаси Президенти Александр Стубб Марказга ташрифидан сўнг шундай деди:
«Ростини айтсам, мен бу ерда ҳақиқатан ҳам мисли кўрилмаган таассуротлар гирдобида қолдим. Ҳар бир экспозиция, ҳар бир зал, ҳар бир тафсилот чуқур ва пухта ўйланган. Уч минг йиллик тарихни бугунги авлодга шунчалик замонавий, таъсирчан ва ишонарли форматда етказиш юксак даражадаги санъат ва катта маҳоратни талаб қилади. Ушбу Марказ нафақат ўтган асрлар меросини қайта тирилтирди ва қайта англади, балки келажак авлодлар учун илҳом манбаига айланди. Айниқса, интерактив экспозициялар ва инновацион технологиялар жуда таъсирли – улар ёшларни ростдан ҳам ўзига тортади. Бу ерда тарихни ўқимайдилар – уни ҳис қиладилар. Яратилган муҳитда бепарво қолиш ёки зерикишнинг иложи йўқ. Ҳар бир саҳна, ҳар бир ёруғлик акценти, ҳар бир тафсилот ўз маъноси ва бадиий мантиқига эга. Мен бу Марказни самимий миннатдорлик, чуқур ҳурмат ва ҳайрат туйғуси билан тарк этяпман».
Бугун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази замонавий дунё учун босқичма-босқич шаклланиб бораётган интеллектуал марказ сифатида намоён бўлмоқда. Турли тарихий даврларда Боғдоддаги Байт ул-ҳикма, Хоразм Маъмун академияси ва Самарқанддаги Улуғбек мадрасаси қандай аҳамият касб этган бўлса, Марказ ҳам бугунги кунда шундай маконга айланмоқда – у фақатгина илм сақланган ва тўпланган жой эмас, балки цивилизациялар интеллектуал ва маънавий тараққиёти йўналишини белгилаб берган муҳитни етказувчи манзилдир.
Бироқ ҳозирги тарихий даврда Марказ фаолияти юксак ва улуғвор вазифаларни қамраб олган. Агар илгари бундай илмий марказлар ўз даври ва маданияти доирасида таркиб топиб, ғоялар асрлар давомида қўлёзмалар, таржималар ва авлодлар орқали секин тарқалган бўлса, бугун Ислом цивилизацияси маркази мамлакат Президенти томонидан илк кунданоқ очиқ, глобал таълимий ва маданий-гуманитар мегаплатформа сифатида шакллантиришга мўлжалланган.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази XXI асрга хос янги турдаги цивилизацион институтдир. Бу ерда тарихий билим рақамли технологиялар билан уйғунлашади, қўлёзма глобал рақамли манбага айланади, музей илмий лаборатория тусини олади, миллий мерос эса халқаро мулоқот, ўзаро англашув ва бунёдкорликнинг умуминсоний мезонига айланади.
Ушбу мақолани Сербия Республикаси Президенти Александр Вучичнинг сўзлари билан якунлаш ўринли:
«Мен бунга ўхшаш марказни аввал ҳеч қаерда кўрмаганман. Ислом цивилизацияси маркази ниҳоятда замонавий ва гўзал услубда қурилган ва яратилган. Бугун мен жуда кўп нарсани ўргандим ва албатта бу ерга яна қайтаман. Сербиялик барча ватандошларимга шундай деган бўлардим: «Азизларим, мен жуда катта хато қилганман, чунки бу мамлакатга илгари ҳеч қачон келмаганман. Илтимос, имкон қадар тезроқ Ўзбекистонни кўриш учун келинглар».
Фирдавс Абдухолиқов
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори






