Саиф ал-Ислом Каддафий мамлакатда содир бўлган қуролли тўқнашувлар чоғида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Al Jazeera телеканали хабар берди.
Араб оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, воқеа Ғарбий Ливияда, Зинтан шаҳри яқинида жойлашган қароргоҳ ҳудудида содир бўлган.
Манбаларга кўра, Саиф ал-Ислом ўз уйининг боғида қуролланган шахслар билан отишма вақтида ўлдирилган. Бу маълумот Каддафий оиласига яқин манба ва унинг вакили томонидан ҳам тасдиқланган.
Ливиянинг Al Ahrar телеканали хабар беришича, ҳужумни тўрт нафар қуролланган шахс амалга оширган. Улар Саиф ал-Исломга жароҳат етказгач, воқеа жойидан яширинган. Каддафийга яқин сиёсий гуруҳлар ҳужумчилар аввал қароргоҳдаги кузатув камераларини ишдан чиқарганини маълум қилган.
Маълумотларга кўра, Саиф ал-Ислом қуролланган шахсларга қаршилик кўрсатган ва маҳаллий вақт билан соат 14:30 атрофида ҳалок бўлган. Айни пайтда унинг жасадини олиб чиқиш бўйича махсус операция ташкил этилган. Манбалар ҳодиса тушдан кейин бошланган тўқнашувлар фонида юз берганини қайд этмоқда.
Al-Hadat телеканали аввалроқ айрим Ливия ОАВлари Саиф ал-Ислом Ливия Миллий Бирлик Ҳукуматига қарашли 444-жанговар бригада билан бўлган жангда ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатганини ёзган. Бироқ бригада бу маълумотни рад этиб, Зинтан шаҳри ёки унинг атрофида ўз ҳарбий бўлинмалари йўқлигини ва ҳодисага алоқадор эмаслигини билдирган.
Маълумот учун, Саиф ал-Ислом Каддафий 1972 йил 25 июнда туғилган. У 2011 йилда ҳалок бўлган Муаммар Каддафийнинг иккинчи ўғли ҳисобланади. 1990-йиллар охирида у Каддафий халқаро хайрия ва ҳамкорлик жамғармаси фаолиятига раҳбарлик қилган, бир қатор халқаро музокараларда иштирок этган.
2011 йилда Ливиядаги фуқаролар уруши даврида қўзғолончилар томонидан қўлга олинган Саиф ал-Ислом 2015 йилда ўлим жазосига ҳукм қилинган, аммо 2017 йилда умумий амнистия асосида озод этилган эди. 2021 йилда эса Ливия прокуратураси унинг ҳибсга олиниши бўйича ордер чиқарган.
Муаммар Каддафий 42 йил давомида Ливияни бошқарган. 2011 йилда у НАТО томонидан қўллаб-қувватланган мухолифат ҳаракатлари фонида ҳокимиятдан ағдарилиб, Сирта шаҳри яқинида ҳалок бўлган. Шундан сўнг мамлакатда сиёсий беқарорлик ва рақобатдаги маъмуриятлар мавжуд бўлиб қолмоқда.






