Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида АҚШ ва Эрон ўртасида ўтказилган навбатдаги билвосита музокаралар якунланди. Бироқ томонлар узоқ муддатли тинчлик келишувига эришилганини эълон қилмади.
Маълум қилинишича, икки кун давом этган учрашувларда асосий эътибор Ҳурмуз бўғозидаги денгиз қатновини тиклаш ҳамда Эроннинг музлатилган маблағлари масаласига қаратилган. Шунингдек, июнь ойида эришилган вақтинчалик келишувнинг муҳим бандлари ҳам муҳокама қилинган.
Қатар Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, навбатдаги музокаралар Эроннинг марҳум олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаийнинг 9 июль куни бўлиб ўтадиган дафн маросимидан кейин ташкил этилади. Вазирлик вакили Доҳадаги учрашувлар июнь ойида имзоланган келишув меморандуми юзасидан ижобий силжиш бергани ҳамда Швейцарияда бўлиб ўтган саммит натижаларига таянганини билдирган.
АҚШ Президенти Дональд Трамп эса журналистлар билан мулоқот чоғида Эрон ядровий дастури бўйича ҳам ижобий силжишлар кузатилаётганини айтди.
"Эронни ядросизлантириш жараёни яхши кетмоқда. Учрашувлар жуда яхши ўтди, кейинги натижаларни кўрамиз", деди Трамп.
Бироқ музокаралардан хабардор манбаларнинг таъкидлашича, Доҳадаги техник учрашувларда ядровий дастур масаласи умуман муҳокама қилинмаган. АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс мазкур масала музокараларнинг кейинги босқичида кўриб чиқилишини маълум қилди.
"Албатта, биз ядровий масаладан хавотирдамиз ва бу мавзуда музокараларни бошлаймиз", деди у.
Қатар Ташқи ишлар вазирлигига кўра, АҚШ ва Эрон делегациялари бир-бири билан тўғридан тўғри учрашмаган. Музокаралар Қатар ва Покистон воситачилари орқали алоҳида форматда ўтказилган.
Манбаларнинг билдиришича, АҚШ Президентининг куёви Жаред Кушнер ҳамда мамлакатнинг махсус вакили Стив Уиткофф Доҳага келган бўлса-да, техник музокараларда иштирок этмаган.
Эрон делегацияси раҳбари, Ташқи ишлар вазири ўринбосари Козим Ғарибободий музокаралар якунланганини тасдиқлади. Шу билан бирга, томонлар мавжуд келишмовчиликлар бартараф этилгани ҳақида маълумот бермади.
Вақтинчалик келишувга мувофиқ, АҚШ ва Эрон Ҳурмуз бўғози орқали халқаро денгиз қатновини тўлиқ тиклаши керак. Айни пайтда кемалар ҳаракати қисман қайта йўлга қўйилган бўлса-да, стратегик аҳамиятга эга мазкур сув йўлининг ҳуқуқий мақоми ҳали ҳам баҳсли бўлиб қолмоқда.
Икки нафар юқори лавозимли эронлик манбанинг айтишича, Теҳрон Ҳурмуз бўғози устидан назорати халқаро миқёсда тан олинишига эришишга интилмоқда. Шунингдек, Эрон август ўрталаридан бошлаб мазкур бўғоз орқали ҳаракатланувчи кемалардан тўлов ундириш ниятини яна бир бор маълум қилган.






