АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон “молиявий таназзул ёқасига келиб қолгани”ни ва Вашингтон томонидан портлар қамалга олингач, мамлакат ҳар куни миллионлаб доллар йўқотаётганини билдирди.
Унинг сўзларига кўра, Эронда нақд пул танқислиги кузатилмоқда ва ҳар куни тахминан 500 миллион доллар зарар кўрилмоқда. Шунингдек, ҳарбийлар ва полиция ходимлари маош масаласидан шикоят қилаётгани айтилган.
Маълум қилинишича, АҚШ томонидан Эрон портларига денгиз қамали 13 апрель куни бошланган. Шундан сўнг Ҳормуз бўғози яқинида Эрон байроғи остидаги танкер ўққа тутилган ва қўлга олинган. Бундан ташқари, очиқ денгизда Эронга тегишли ёки унга йўналтирилган юк кемаларининг йўналиши ўзгартирилган.
Эрон қуролли кучлари бу ҳаракатларни “ноқонуний” ва “қороқчилик” деб баҳолади.
Жавоб тариқасида Эрон Ҳормуз бўғозини хорижий кемалар учун ёпиб қўйгани ва бир нечта кемани қўлга олгани маълум қилинди. Бу эса минтақадаги кескинликни янада оширмоқда.






