Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Исломободда Покистон армияси бошлиғи фельдмаршал Осим Мунир билан учрашди. Мулоқот АҚШ ва Эрон ўртасида тўхтаб қолган музокараларни қайта йўлга қўйиш масаласига бағишланган.
Эрон элчихонаси маълумотига кўра, учрашувда Покистон ички ишлар вазири Моҳсин Нақви, миллий хавфсизлик маслаҳатчиси ва разведка раҳбари генерал-лейтенант Осим Малик ҳам иштирок этган.
Томонлар Вашингтон ва Теҳрон ўртасида эҳтимолий иккинчи босқич музокаралари бўйича фикр алмашган. Покистон манбаларига кўра, учрашув яқин кунларда бўлиши мумкин бўлган дипломатик жараёнларга тайёргарлик сифатида баҳоланмоқда.
Биринчи босқич музокаралар икки ҳафта аввал Исломободда ўтказилган бўлиб, аммо ҳеч қандай келишувга эришилмаган. Бу жараён Покистон воситачилигида 8 апрель куни эълон қилинган вақтинчалик тинчлик келишуви ортидан бошланган эди.






