1

Байрам келади-кетади, унинг кайфиятини ширин хотиралар билан ушлаб қолиш эса ўзимизга боғлиқ!

СУҒДИЁНА 23.12.2016, 10:17
Теглар: Байрам, Аёл, Оила, SUGDIYONA, Янги йил
Байрам келади-кетади, унинг кайфиятини ширин хотиралар билан ушлаб қолиш эса ўзимизга боғлиқ!

«Эҳ, бир ҳафтагина вақт қолди!» Шу фикр хаёлимдан ўтган заҳоти турмуш ўртоғимни уйқудан уйғотдим.

— Бугун ишдан эртароқ қайтасизми?

— Балки… Бирор жойга борамизми? — деди турмуш ўртоғим синовчан назар солиб менга.

— Уйда арча, зар ўйинчоқлар бормикан, билмайсизми?

— Йўқ, уйда фақат катталар яшайди: мен, укам, дадам, ойим ва сен. Арча нимага керак?! Боғча боласимизми биз?

— Ахир Янги йил байрамини нишонламаймизми?

— Менга қара, бизнинг уйимизда ҳеч ким жонини койитиб, анъаналарга амал қилмайди. Мана, кеча кечки овқатдан сўнг телевизор кўриб ўтирганимизда, патнисда шоколад билан қаҳва олиб кирдинг. Чиқиб кетганингдан кейин ҳамма ортингдан хоҳолаб кулди.

— Нега?  Ҳамма қаҳвани ичиб, шоколадни еб олди-ку!

— Тўғри, лекин бунақа одат йўқ эди бизда! «Сериал кўп кўрган, шекилли», деди дадам.

Бу гап дилимни бироз оғритган бўлди. Биламан, янги келиннинг тилидан чиқадиган энг ёмон гап бу: «Бизнинг уйимизда...» бўлади. Лекин бор ҳақиқат ҳам шу-да! Бизнинг уйимизда нафақат Янги йил, балки барча байрамлар ўзига хос анъана ва қадриятлар билан нишонланар эди.

— Хўп, унда Янги йилда нима қиласизлар? Дастурхонда нималар бўлади? Меҳмонлар келадими? Ёки бирор жойга борасизларми?

— Дастурхонни мен ва укам тузардик.  Ҳамма нарсанинг тайёрини сотиб олиб келамиз. Онам «Йил бўйи ишлаб чарчадим, фақат бир кун телевизорда ўзим истаган шоуни кўриб ўтираман, менга тегманглар», дейди. Дадам ҳам худди шу. Укам ва мен ўртоқларим билан бирор жойда байрамни нишонлардик, тунги 12 да эса ҳамма аллақачон ухлаб қолади.

Шуям байрам бўлдими? Бу сафар ҳаммаси бошқача бўлади! Келиб-келиб, Янги кўчадан олинган овқатлар билан кутамизми?  Янги йилга кўйлак олишим керак деб, эримдан пул олдим. Ишдан келаётиб эса ўша пулларга Янги йил безаклари, байрам дастурхони учун керакли масаллиқларни сотиб олдим. Қўлимда иккита туёқ, саккизта пакетни кўтариб кириб келаётганимни кўриб, қайнонамнинг ҳуши бошидан учди:

— Дадангиз олиб келдими, шу бошоғриқ туёқни! Оббо…

— Йўқ, ойижон, бозордан ўзим олдим. Холодец қиламиз, норин тайёрлаймиз...

— Зарилми сизга шунча иш? Бир кунлик байрам ўтади-кетади! Сиз келгандан бери ҳаммамиз семириб ётибмиз ўзи!

— Ойижон, ҳаммасини ўзим тайёрлайман. Қўшниларга тарқатамиз. Янги келин нималар қилибди, дейди ҳамма. Қариндошлар бир пиёла чой ичгани келса, бозорнинг салатини олдиларига қўймаймиз-ку!

Хуллас, турмуш ўртоғимга арча топиб келишни илтимос қилдим, уни ўрнатиб, безаб, шифтларга зарлар илиб чиқдим. Қайнукам Қорбобо ва Қорқиз кийимларини топиб келди. «Илтимос, дадажон, аммажонларнинг болаларига берамиз», деб совғалар сотиб олишни қайнотамдан сўрадим.  Доим «Мен парҳездаман, ҳеч қанақа хамирли нарса пиширманг» дейдиган қайнонам эса пиширган хамирларимдан битта еб, битта тўғраб, бир тоғора норин тайёрлаб қўйганини ўзи сезмай қолди. Икки ҳафталик келинга биров бирор нарса дермиди, ҳамма сўзсиз айтганимга кўнди!

Байрам куни, ҳатто, бизнинг уйимиздагидан ҳам ажойиб ўтди. Туш пайтигача дастурхонни ажойиб қилиб безатиб қўйдим. Қўярда-қўймай, бутун оилани машинага ўтказиб, қариндошларимизни йўқлаб чиқишга мажбур қилдим. Аммаю холалар, болажонларнинг хурсандлигини сўз билан айтиб-тугатиб бўлмайди! Дарвоқе, қайнотамдан ажойиб Қорбобо, қайнонамдан эса кўҳликкина, бўғирсоққина Қорқиз чиқди. Нотаниш Қорбобо, Қорқиз, Маймоқ ва Машахон (мен ва куёвим), яна Шерхон (қайнукам)ни танимай уйга киргазишни истамаган ўз отам «Уйимизда ёш бола қолгани йўқ, Қорбобога ишонадиган биттагина қизим бор эди, уни узатиб юборганман», деб ҳазиллашган эди, Қорбобо-қайнотам «Ўша биттагина қизингизни қопимизга солиб олиб келаяпмиз, қуда» деса бўладими!  Ана шунақа гаплар! Байрам келади-кетади, унинг кайфиятини ширин хотиралар билан ушлаб қолиш эса ўзимизга боғлиқ! 

АЗИЗАНГИЗ 

Шарҳлар

Ўзбекистон бош арчаси қаерда ўрнатилгани маълум қилинди (видео)

10.12.2021, 10:32

Ҳар йили узоқ кутиладиган Янги йил айёмига саноқли кунлар қолди. Тошкентда эса байрам тантаналарини нишонлаш учун тайёргарлик ишлари аллақачон бошлаб юборилган.  Энг баланд саналган юртимизнинг...
Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп?

26.09.2021, 17:45

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп? Давлат статистика қўмитаси маълумот берди. Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида жами 8 871 412 та оила...
Аёлни қотилликка бошлаган рашк: Янгийўллик жувон бошқа аёлга уйланмоқчи бўлган шаръий никоҳидаги эрини ўлдириб қўйди...

23.08.2021, 16:08

Қишнинг қировли кунларидан эсон-омон чиқиб олган Комилжон ота кенжа фарзанди Муродни (исм-шарифлар ўзгартирилган) уйлаш мақсадида тўй тайёргарликларини бошлаб юборди. Узоқ изланишлардан сўнг қиз ҳам топилди. Бироқ унаштирув...
Аёлнинг жони қирқта, аммо қисмати биттами? Ёхуд зўравонлик ва тазйиқ қурбонлари… (видео)

01.06.2021, 18:32

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда хотин-қизларнинг таҳқирланиши, аёвсиз калтакланиш ҳолатлари акс этган хабар ва воқеалар ҳақидаги чиқишлар кескин ортиб кетди. Аммо бу каби вазиятлар кечагина содир...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1