У тезкор тадбирда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Маълум қилинишича, Навоий шаҳрида “Қизилқум” ПФК U-19 жамоаси бош мураббийи Нурота туманида яшовчи, 2008 йилда туғилган ўсмирни жамоанинг асосий таркибига киритиб беришни ваъда қилиб, эвазига 20 миллион сўм талаб қилган.
Ҳолат ҳақида ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар берилгач, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан Кармана туманида тезкор тадбир ўтказилган. Унда мураббий талаб қилинган пулни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон футбол ассоциацияси футболда коррупция ва ноқонуний селекцияга нисбатан муросасиз бўлишини билдирган.






