Гонконг шаҳрида бўлиб ўтган жамоавий тезкор ва блиц шахмат бўйича 2026 йилги жаҳон чемпионати ўз якунига етди. Мусобақанинг блиц баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси бронза медалларига сазовор бўлди.
Плей-офф босқичини муваффақиятли бошлаган ўзбекистонлик шахматчилар чорак финалда турнирнинг асосий фаворитларидан бири ҳисобланган WR Chess жамоасини мағлуб этди. Мазкур жамоа сафида норвегиялик собиқ жаҳон чемпиони Магнус Карлсен ҳамда россиялик гроссмейстер, собиқ жаҳон чемпионкаси Александра Костенюк ҳам ҳаракат қилган.
Ярим финалда Ўзбекистон терма жамоаси Хитойнинг “Dragon Chilling” клубига мағлуб бўлди. Бироқ учинчи ўрин учун кечган баҳсда “Hexamind” жамоаси устидан ғалаба қозониб, мусобақанинг бронза медалларини қўлга киритди.
Ўзбекистон жамоаси таркибида Жавоҳир Синдаров, Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов, Муҳиддин Мадаминов, Афруза Ҳамдамова, Умида Омонова ва Оқжол Раҳматуллаев иштирок этди.
Ушбу натижа орқали Ўзбекистон терма жамоаси 30 минг евро миқдоридаги мукофот пулига ҳам эга бўлди.
Мусобақа ғолиблигини Хитойнинг “Dragon Chilling” жамоаси қўлга киритди. Жамоа сафида собиқ жаҳон чемпиони Дин Лижэнь ва амалдаги жаҳон чемпионкаси Жу Вэньцзюнь ҳаракат қилди. Кумуш медаллар эса халқаро “Endgame” жамоаси ҳисобига ёзилди.






