Ўзбекистон Марказий банки томонидан ўтказилган навбатдаги назорат тадбирлари якунларига кўра, банк-молия тизими барқарорлигига оид 29 та масала муҳокама қилинди ва қатор кредит ташкилотларига нисбатан кескин чоралар кўрилди.
Йиғилишларда лицензиялаш ва рухсат бериш жараёнларига оид 17 та масала кўриб чиқилди. Кредит ташкилотларининг устав ҳужжатларига ўзгартириш киритиш бўйича 4 та, устав фондидаги улушларга эгалик қилиш бўйича 3 та ариза таҳлил қилинди. Шунингдек, бир нафар аудиторга банкларда текширув ўтказиш ҳуқуқини берувчи сертификат тақдим этилди. Банклар кузатув кенгаши ва бошқарув аъзолари номзодларига оид 9 та масала ҳам кўриб чиқилди.
Ҳисобот даврида молиявий интизом ва қонунчилик талабларига риоя этилиши бўйича 12 та масала ўрганилди. Инспекция натижаларига кўра, амалдаги талабларни бузган 188 та субъектга жарима қўлланилди. Жазога тортилганлар орасида 20 та банк, 89 та микромолия ташкилоти ҳамда 79 та ломбард бор.
Шунингдек, пруденсиал нормативларни бузган яна 17 та банкка расмий огоҳлантириш берилди. Мазкур чоралар молия тизимидаги хавф-хатарларнинг олдини олиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилгани таъкидланди.






