АсосийЖамият

Қўқонда 16 ёшли ўсмир профилактика инспекторини пичоқлади

Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида 9-синф ўқувчиси профилактика инспекторига пичоқ билан оғир тан жароҳати етказди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

'Қўқонда 16 ёшли ўсмир профилактика инспекторини пичоқлади'ning rasmi

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг “Darrakchi.uz”га маълум қилишича, воқеа 18 февраль куни яшаш хонадонида содир бўлган. 16 ёшли Ў.Ў. Қўқон шаҳар 1-сон ИИБ профилактика инспектори билан ўзаро жанжаллашиб, унга ошхона пичоғи билан тан жароҳати етказган. Оқибатда инспектор оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан вояга етмаган шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “б” банди (ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан шахсга қасддан оғир тан жароҳати етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган. Ушбу модда билан айбдор деб топилган шахсларга 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

Ҳозирда жиноят иши юзасидан Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар