Эрон Қувайт, Иордания ва Баҳрайн ҳудудида жойлашган АҚШ ҳарбий объектларига ракета зарбалари бергани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу ҳақда қатор халқаро оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеоларда айтилмоқда.
Хабарларга кўра, зарбалар фонида Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати ҳам Исроил ҳудудига қарши ҳужумларни бошлаган. Ҳозирча мазкур маълумотлар бўйича расмий идораларнинг тўлиқ баёнотлари эълон қилинмаган.
Айрим манбалар Вашингтон жавоб тариқасида Эрон ҳудудидаги нишонларга “Tomahawk” туридаги қанотли ракеталарни учирганини билдирмоқда. Шу билан бирга, Исроил ҳукумати ҳозирча Эронга қарши тўғридан-тўғри зарбаларда иштирок этмаётганини маълум қилган. Бироқ мамлакат раҳбарияти Ливан ҳудудидан бўлаётган ҳужумларга нисбатан қатъий жавоб чоралари кўрилиши мумкинлигини билдирган.
Яқин Шарқдаги вазият сўнгги кунларда янада кескинлашмоқда. Кузатувчилар фикрича, бир вақтнинг ўзида бир нечта фронтда юзага келаётган тўқнашувлар минтақада кенг кўламли ҳарбий қарама-қаршилик хавфини оширмоқда.
Мавжуд вазият АҚШ маъмурияти учун ҳам жиддий синов сифатида баҳоланмоқда. Халқаро ҳамжамият эса можаронинг янада кенгайиб кетиши ва бутун минтақа хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатишидан хавотир билдирмоқда.





