Бугун, 19 февраль куни Буюк Британия полицияси Шаҳзода Эндрюни Жеффри Эпштейн билан боғлиқ иш доирасида ҳибсга олди. BBC маълумотига кўра, Англия шарқидаги Wood Farm ҳудудига бир нечта полиция экипажи ва фуқаролик кийимидаги зобитлар келган.
Хабар қилинишича, Қирол Чарлз IIIнинг укаси давлат лавозимида бўлган вақтда эҳтимолий ноқонуний ҳаракатларда иштирок этганликда гумон қилинмоқда. АҚШ томонидан эълон қилинган ҳужжатларда шаҳзода Эндрю Эпштейнга махфий ҳукумат маълумотларини берган бўлиши мумкинлиги ҳақида даъволар келтирилган.
Қиролича Елизавета IIнинг иккинчи ўғли бўлган шаҳзода Эндрю бу айбловларни аввал ҳам рад этган ва Эпштейн билан дўст бўлганидан афсусда эканини билдирган эди. Ҳозирча у сўнгги воқеалар юзасидан расмий баёнот бермаган.






