Маълум қилинишича, дастур аҳоли билан ишлашнинг янги тизимини жорий этиш, муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорларни ижтимоий жараёнларга кенг жалб қилишга қаратилган. Унга кўра, 2026 йил давомида 10 та устувор йўналиш бўйича турли йўналишдаги ация ва лойиҳалар ўтказилиши, 50 мингдан зиёд тадбиркор иштирок этиши ва 1,5 миллиондан ортиқ фуқаролар қамраб олиниши режалаштирилган.


Дастур доирасида аҳоли муаммоларини жойларда ўрганишга алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, “Юракка йўл” акцияси орқали уйма-уй юриш йўлга қўйилиб, эҳтиёжманд оилаларга манзилли ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилади. Шунингдек, ҳудудларда мобиль штаблар ташкил этилиб, сайёр қабуллар орқали мурожаатлар кўриб чиқилади.

Шу билан бирга, маҳалла институти билан ҳамкорликда ижтимоий қўллаб-қувватлаш механизмлари кучайтирилиши, ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш, очиқ мулоқотлар ҳамда замонавий онлайн платформалар орқали аҳоли билан доимий алоқа ўрнатиш режалаштирилган.

Якунда дастурга расмий старт берилиб, уни амалга ошириш бўйича аниқ вазифалар ва йўл харитаси тасдиқланди. Ташаббус аҳоли билан мулоқотни кучайтириш, муаммоларни тезкор ҳал этиш ва жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди.







