Маълум қилинишича, Жарқўрғон тумани ҳокими ўринбосари ҳокимлик захирасидаги 9 гектар ер майдонини 4 ой муддатга ижарага бериш эвазига 90 млн сўм талаб қилган ва унинг 30 млн сўмини олган. Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда у қолган 60 млн сўмни олаётган вақтида ушланган.
Унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Шунингдек, Чуст туманидаги маҳалла фуқаролар йиғини ҳоким ёрдамчиси 43 сотих ер майдонининг 20 сотихини расмийлаштириб бериш эвазига 23 минг АҚШ доллари талаб қилган. У олдиндан 10 минг доллар олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан қўлга олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






