АсосийЖамият

Кредит ва субсидия ажратишни ваъда қилган мансабдорлар ушланди

Бухоро ва Сирдарё вилоятларида кредит ҳамда субсидия маблағларини олиб бериш эвазига пул талаб қилган шахслар қўлга олинди.

'Кредит ва субсидия ажратишни ваъда қилган мансабдорлар ушланди'ning rasmi

Уларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълум қилинишича, Бухоро вилоятида АТ “Халқ банки” Ромитан стандарт банк хизматлари маркази шўба мудири фуқарога танишлари орқали 800 млн сўм миқдорида кредит олиб беришни ваъда қилган.

 У бу хизмат эвазига 2 минг АҚШ доллари талаб қилган ва сўралган пулнинг 1000 долларини учинчи шахс орқали олган вақтида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ушланган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов олиб борилмоқда.

Шунингдек, Сирдарё вилоятида микроқарзлар бериш билан шуғулланувчи МЧЖнинг Гулистон шаҳар филиали менежери ҳокимият тизимидаги танишлари орқали фуқарога имтиёзли уй-жой субсидияси ажратиб беришни ваъда қилган.

У 8 минг АҚШ доллари талаб қилиб, 96 млн сўм олган вақтида ДХХ ва ИЖҚКД ходимлари томонидан қўлга олинган. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.

    Бошқа янгиликлар