Италиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Пьергабриэле Пападиа де Боттини Римда ҳибсга олинди. У ноқонуний равишда Россия фуқароларига узоқ муддатли визалар расмийлаштиришда иштирок этганликда гумон қилинмоқда, деб хабар берди La Repubblica.
Тергов маълумотларига кўра, Пападиа Россия фуқароларига турли турдаги узоқ муддатли туристик визаларни қоидаларни четлаб ўтган ҳолда пул эвазига бериб келган. Тўловлар 4 мингдан 16 минг еврогача бўлган, айни вақтда стандарт виза тўлови 45–60 еврони ташкил қилади.
Схемада Москвадаги учта туристик агентлик — "Happy travel", "Visa4you" ва "Park lane" иштирок этгани айтилади. Терговчиларга маълум бўлишича, камида 95 нафар Россия фуқароси шу усул орқали виза олган. Уларнинг 80 дан ортиғи Италиянинг Тошкентдаги консуллигига умуман мурожаат қилмаган, бу эса қоидалар бузилганини кўрсатади.
Айрим аризалар Пападиага Telegram орқали юборилгани ҳам аниқланган. Шунингдек, агентликлар 2025 йил январь–июль ойлари оралиғида Болгариядаги банк ҳисоб рақамига 23,6 минг евро ўтказгани қайд этилган. Тергов бу маблағлар виза схемаси билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини текширмоқда.
Италия прокуратураси ҳозирда яна қарийб 400 та виза ишини текширмоқда. Пападиа де Боттини 2024 йил декабрида Италиянинг Ўзбекистондаги элчиси этиб тайинланган, у лавозимни 2025 йил декабрида тарк этган.






