28 февраль куни Исроил расмийлари Эрон ҳудудига нисбатан ҳужум амалга оширилганини билдирди. Мамлакат мудофаа вазири бутун Исроил бўйлаб “умуммиллий фавқулодда ҳолат” жорий этилганини эълон қилган.
Хабарлар ортидан Теҳрон марказида портлаш содир бўлгани ва портлаш жойидан қалин тутун кўтарилгани айтилмоқда. BBC тарқатган маълумотларга кўра, Эрон давлат телевидениеси ҳам портлаш бўлганини тасдиқлаган.
Эрон ОАВлари Теҳрон марказида камида учта портлаш овози эшитилганини ёзмоқда. Fars News Agency хабарига кўра, пойтахтнинг “Республика” ҳудудига бир нечта ракета келиб тушгани ҳақида маълумотлар бор.
Ҳозирча расмий идоралар қурбонлар ёки вайронагарчилик кўлами ҳақида аниқ рақамларни эълон қилмаган.
Айни пайтда Исроилнинг турли ҳудудларида ҳаво хавф-сиреналари янграган. Исроил ҳарбийлари буни аҳолини эҳтимолий ракета зарбаларига тайёрлаш учун “проактив огоҳлантириш” деб изоҳлаган.
Исроил мудофаа вазири ҳужум “таҳдидларни бартараф этиш” мақсадида амалга оширилганини айтган, бироқ нишонга олинган объектлар ҳақида батафсил маълумот берилмаган.
Портлашларнинг аниқ сабаби ва қайси объектлар нишонга олингани бўйича мустақил тасдиқланган тўлиқ маълумот ҳали мавжуд эмас. Эрон расмийларининг кенг қамровли баёноти кейинроқ эълон қилиниши кутилмоқда.
Мутахассислар фикрича, ушбу воқеа минтақадаги хавфсизлик вазиятини янада кескинлаштириши мумкин. Айрим ОАВлар ҳодиса АҚШ–Эрон ядро дастури атрофидаги таранглик кучайган бир шароитда содир бўлганини қайд этмоқда.






