Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамовнинг айтишича, бу масала Эрон ташқи ишлар вазири билан телефон орқали муҳокама қилинган ва Теҳрон ҳодисани пухта ўрганишга ваъда берган. Боку томони текширув натижаларини кутмоқда.
Маълум қилинишича, 5 март куни дрон Нахичевон Мухтор Республикасидаги халқаро аэропорт терминалига зарба берган, яна бир дрон эса Шакаробод қишлоғидаги мактаб яқинига тушган. Ҳодисадан сўнг мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилари эвакуация қилинган.
Воқеадан кейин Мужтабо Демирчилу — Эроннинг Озарбайжондаги элчиси Бокуга чақирилиб, унга норозилик нотаси топширилди. Илҳом Алиев ҳужумни “террористик ҳаракат” деб атаб, Эрондан узр сўрашни талаб қилди. Шунингдек, Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам ҳужумни кескин қоралади.
Нахичевон Озарбайжоннинг Туркия, Эрон ва Арманистон билан чегарадош эксклави бўлиб, Жанубий Кавказда стратегик аҳамиятга эга ҳудуд ҳисобланади.






