АсосийЖАМИЯТ

Андижонда 38,3 миллиард сўмлик кешбэк маблағлари талон-торож қилингани фош этилди

Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

'Андижонда 38,3 миллиард сўмлик кешбэк маблағлари талон-торож қилингани фош этилди'ning rasmi

Андижон вилоятида давлат бюджети маблағларини кешбэк тизими орқали талон-торож қилиш билан боғлиқ йирик жиноят схемаси фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар қилди.

Маълум қилинишича, терговга қадар текширув давомида фуқаро Й.Қ. ва бошқа шахслар ўзаро тил бириктириб, бешта масъулияти чекланган жамият номидан сохта электрон ҳисоб-фактуралар расмийлаштирган. Уларда гўёки бошқа корхоналар томонидан 2,2 триллион сўмлик маҳсулот етказиб берилгани акс эттирилган.

Шунингдек, гумонланувчилар савдодан тушган маблағларни назорат-касса машиналари орқали кирим қилинган қилиб кўрсатиб, маҳсулотлар аҳолига сотилгани ҳақида сохта харид чекларини расмийлаштирган.

Тергов маълумотларига кўра, мазкур схема орқали 94 минг 921 нафар фуқаро, жумладан, "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"га киритилган шахслар номига Soliq Mobile иловаси орқали кешбэк маблағлари расмийлаштирилган. Шу йўл билан давлат бюджетига тегишли 38,3 миллиард сўм маблағ ўзлаштириш ва растрата қилиш орқали талон-торож қилинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ҳамда 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни қалбакилаштириш, улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

    Бошқа янгиликлар

    Андижонда 38,3 миллиард сўмлик кешбэк маблағлари талон-торож қилингани фош этилди - Darakchi.uz