АсосийСИËСАТ

Самарқанд "яшил шаҳар"га айлантирилади. Мирзиёев янги экологик дастурни кўриб чиқди

Шунингдек, чиқиндиларни бошқаришда Zero Waste Samarkand, иқлим сиёсатида Carbon Neutral Samarkand, туризм соҳасида эса Green Hotels Samarkand каби экологик лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилган.

'Самарқанд "яшил шаҳар"га айлантирилади. Мирзиёев янги экологик дастурни кўриб чиқди'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев чўлланишга қарши курашиш, чўл иқтисодиётини ривожлантириш ҳамда шаҳарларда «яшил шаҳар» тамойилларини жорий этиш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.

Тақдимотда 2026–2030 йилларда мамлакатда чўлланишга қарши курашиш ишларини янги босқичга олиб чиқиш режалари муҳокама қилинди. Хусусан, 1,27 миллион гектар майдонда ўрмон барпо этиш ва қайта тиклаш, чўл, тоғ ва тоғолди ҳудудларида 16 минг гектар ҳимоя ўрмонзорлари ташкил этиш таклиф қилинди.

Давлат раҳбари чўл ҳудудларига фақат экологик муаммо сифатида эмас, балки янги иқтисодий имкониятлар манбаи сифатида қараш лозимлигини таъкидлади. Шу мақсадда «чўл иқтисодиёти»ни ривожлантириш, галофит ўсимликлар етиштириш, чўл ўсимликлари уруғчилиги ва кўчатчилигини йўлга қўйиш, экологик туризм ва илмий тадқиқотларни кенгайтириш бўйича топшириқлар берилди.

Тақдимотда Марказий Осиё давлатлари билан экологик ҳамкорликни кучайтириш, 2040 йилгача чўлланишга қарши курашиш бўйича минтақавий стратегия ишлаб чиқиш ва «Яшил қалқон» дастури доирасида қўшма лойиҳаларни кенгайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Шунингдек, Самарқанд шаҳрини Марказий Осиёдаги намунавий «яшил шаҳар»га айлантириш бўйича Green Samarkand модели тақдим этилди.

Лойиҳага мувофиқ, 2030 йилга қадар шаҳарда атмосферага чиқадиган зарарли ташламаларни 51,2 минг тоннага камайтириш, ҳаводаги PM2.5 ва PM10 заррачалари миқдорини 50 фоизга қисқартириш, қурилиш майдонларидан чиқадиган чангни 80 фоизга, транспортдан чиқадиган зарарли моддаларни эса 50 фоизга камайтириш режалаштирилган.

Бундан ташқари, Самарқандда махсус экологик-шаҳарсозлик режими жорий этилади. Янги қуриладиган объектлар учун «яшил қурилиш» талаблари мажбурий бўлади. Шаҳарда 50 та электробус харид қилиниши, 2030 йилгача жамоат транспорти ва таксиларни босқичма-босқич электр транспортига ўтказиш, 102,7 километр узунликдаги «яшил белбоғ» барпо этиш ҳам режага киритилган.

Шунингдек, чиқиндиларни бошқаришда Zero Waste Samarkand, иқлим сиёсатида Carbon Neutral Samarkand, туризм соҳасида эса Green Hotels Samarkand каби экологик лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилган.

Тақдимот якунида Президент Шавкат Мирзиёев таклифларни маъқуллаб, чўлланишга қарши курашиш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, шаҳарсозликда экологик талабларни кучайтириш ҳамда аҳоли учун соғлом атроф-муҳит яратиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

    Бошқа янгиликлар

    Самарқанд "яшил шаҳар"га айлантирилади. Мирзиёев янги экологик дастурни кўриб чиқди - Darakchi.uz