Наманган вилоятининг Янги Наманган туманида солиқ инспекцияси ходими тадбиркордан 20 минг доллар пора олаётганда қўлга тушди. Бу ҳақда ДХХ хабар берди.
Маълум қилинишича, Фарғона вилояти Фарғона тумани солиқ инспекциясининг бош инспектори мазкур туман ҳокимлиги захирасида бўлган ва қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган 10 гектар ер майдонини наманганлик тадбиркорга келгусида сайёҳлик маскани ташкил этиши учун ажратиб бериш эвазига 95 минг доллар ҳамда ер майдони тоифасини ўзгартириб бериш эвазига 6 минг доллар (жами 101 минг доллар) талаб қилган.
Наманган вилоятининг Янги Наманган туманида ўтказилган тезкор тадбирда бош инспектор олдиндан 20 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда унга нисбатан Наманган вилояти прокуратураси томонидан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






