Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 6 июль куни Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Бош вазири ўринбосари, Ташқи ишлар ва муҳожирлар масалалари бўйича вазири Айман ас-Сафадий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашув аввалида Айман ас-Сафадий давлат раҳбарига Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Қайд этилишича, ўтган йили Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар икки давлат муносабатларида янги босқични бошлаб берган.
Шунингдек, эришилган келишувлар доирасида жорий йилда парламентлараро дўстлик гуруҳлари ташкил этилгани, Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг биринчи йиғилиши ўтказилгани, Ишбилармонлар кенгаши фаолияти йўлга қўйилгани ҳамда икки мамлакат ўртасида ҳаво қатновлари очилгани қайд этилди.
Томонлар келгусида сиёсий мулоқотларни фаоллаштириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, маданий-гуманитар соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.






