Мутахассисларнинг тушунтиришича, кислотали ёғинлар атмосферада олтингугурт оксидлари (СО₂) ва азот оксидлари (НО₂) узоқ вақт тўпланиб, булутларда сув буғи билан кимёвий реакцияга киришиши натижасида ҳосил бўлади. Бундай жараёнлар одатда йирик саноат ҳудудлари ва чиқинди манбалари яқинида кузатилади.
Ҳаво массалари узоқ масофага кўчаётганда эса ифлослантирувчи моддалар концентрацияси атмосфера жараёнлари — турбулентлик, вертикал аралашиш ҳамда қуруқ ва нам чўкиш таъсирида кескин камаяди. Шу сабабли манбадан минглаб километр узоқликда хавфли даражадаги кислотали ёғинлар шаклланиши деярли мумкин эмас.
Шунингдек, ёғинларнинг ҳосил бўлиши маҳаллий булут ҳосил бўлиш жараёнлари билан боғлиқ бўлиб, ёмғир асосан ҳудуд устидаги атмосферада мавжуд сув буғи ва аэрозоллар ҳисобига шаклланади.
Метеорологик кузатувлар ҳамда атмосфера ҳавоси сифати мониторинги натижаларига кўра, кислотали булутларнинг Ўзбекистон ёки қўшни давлатлар ҳудудига кўчиб келиши хавфи кузатилмаяпти.
Мутасаддилар ОАВ ва ижтимоий тармоқлардан тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликни, фақат расмий манбаларга таянишни сўради. Шунингдек, ёлғон ёки текширилмаган ахборотни тарқатиш қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлиги эслатилди.






