Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ҳамкорлигида Фарғона ва Навоий вилоятларида гиёҳвандлик воситалари муомаласига қарши тезкор тадбирлар ўтказилди.
Фарғона шаҳрида ўтказилган тадбирда 1989 йилда туғилган фуқаронинг сумкаси текширилганда, ундан жами 4 килограмм 463 грамм “гашиш” моддаси топилиб, ашёвий далил сифатида олинди. Ушбу жиноятга алоқадор сифатида унинг муқаддам судланган укаси ҳам ушланди. Маълум бўлишича, улар наркотик моддани Афғонистондан ноқонуний олиб кириб, ҳудудда сотишни режалаштирган.
Навоий шаҳрида ўтказилган тадбирда эса 2000 йилда туғилган фуқаро қўлга олиниб, ундан гашиш мойи ва қадоқланган наркотик моддалар аниқланди. Кейинчалик унинг яшаш манзили текширилганда, у ерда нарколаборатория ташкил этилгани маълум бўлди.
Манзилдан кўп миқдорда гашиш ва гашиш мойи, шунингдек, уларни тайёрлаш ва қадоқлаш учун мўлжалланган жиҳозлар мусодара қилинди.
Ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.






