1

Муаммоларни эски йилда қолдирамиз!

СУҒДИЁНА 27.12.2016, 11:54
Теглар: Оила, Янги йил
Муаммоларни эски йилда қолдирамиз!

Байрам байрамдек ўтсин деймиз, аммо айрим сабаблар туфайли дилимизнинг бир чети хира бўлиб тураверади. Қуйида муаммолар кайфиятимизга таъсир қилмаслиги, аксинча, байрам баҳона уларни ҳал қилиб олиш усулларини муҳокама қиламиз.

«Янги йил деса, юрагим безиллайди…»

— Турмуш ўртоғимнинг оиласида ҳар Янги йилни бутун оила жамулжам бўлиб кутиш анъанага айланганди. Янги келинлигимда бу анъана менга ёқарди. Аммо орадан йиллар ўтиб, ака-укалар турли давлатларга иш билан тарқаб кетишди, бир қайноғам вафот этди, қайнота-қайнонамни ҳам бериб қўйдик. Энди фақат бир қайним оиласи билан бизникига байрам кутгани келади. Очиғи, бу менга тобора ёқмай бораяпти. Қайним ишсиз, овсиним ўқитувчи. Уч фарзанди бор. Ҳар йили 31 декабрь куни кеч соат олтида тайёр дастурхонга қуп-қуруқ кириб келганлари етмагандек, овсиним келганидан кетгунича эримга укасидан, менга ҳаётидан нолигани-нолиган. Байрамни ҳам татитмайди. Бу ҳол турмуш ўртоғимга ҳам ёқмайди, аммо бир гап айтолмайди. Болалари ҳам бетарбия, нуқул қўлларига илинган нарсани чўнтакларига солиб олиб кетаверишади. Андиша қилганим сари бу ҳол жуда авж олаяпти. Биз Янги йил байрамини орзиқиб эмас, безиллаб кутадиган бўлиб қолдик. Нима қилиш мумкин?

Назира, Бухора шаҳри

Маслаҳат

Бу ерда муаммо Янги йилни кутиб олишда эмас, балки қайноғангизнинг ишсизлигида, аслида. Овсинингизнинг топгани, табиийки, уч боланинг эҳтиёжлари ва рўзғордан ортмайди. Балки байрам дастурхони тузашга уларда имконият йўқдир. Балки уларнинг мана шу уч фарзанди «амакимникига борамиз» деб, Янги йилни интизорлик билан кутишар. Янги йил – мўъжизакор байрам. Мўъжизалар рўй бериши учун эса сеҳргар керак. Шу пайтгача сиз ва турмуш ўртоғингиз мана шу қариндошларингиз учун билиб, билмай байрам туҳфа этиб келибсиз. Балли! Бу сафар Янги йилингиз ундан ҳам сеҳрлироқ бўлсин. Овсинингизнинг болалари қўлларига илинган нарсани олиб кетмасликлари учун арча остига уларнинг ҳар бирига алоҳида совға тайёрлаб қўйинг. Агар қайноғангиз анчадан бери ишламай уйда ўтирган бўлса, унда ўзига ишонч йўқолган.  Хўжайинингиз укасига иш топиб беришга ҳаракат қилсин, ҳеч бўлмаса унинг кўнглини кўтариш учун далда берсин. Овсинингизга бугуноқ қўнғироқ қилинг-да, байрам арафаси эртароқ келиб, сизга ёрдамлашишини келишиб олинг. У бу таклифни билдиришга шунчаки ийманаётган бўлиши мумкин. Эридан нолишни бошласа, гапни бошқа ёққа буринг, турмуши тўғрисидаги салбий фикрларини маъқулламанг, эрининг яхши томонларини айтиб, мақтанг. Агар унинг нолишлари кайфиятингизга бузса ҳам, буни унга кўрсатманг. Шикоятлари сизга таъсир қилмаётганини кўрса, у, албатта, арз-додини бас қилади. Кўтаринки руҳдаги гапларингиз, ҳазил ва кулгуларингиз дилига шодлик ва хуррамлик олиб киради. Эртакларда билсангиз, айнан сеҳргарларнинг умри узун бўлади. Эсингиздами? Сиз ҳам ҳеч бўлмаса йилда бир яхшилигини аямайдиган сеҳргар парига айланинг ва ролингизни қойилмақом қилиб ижро этинг. Унунтманг, оладиган одамдан кўра берадиган одам ҳамиша бахтлироқдир!

 

«Шодиёна кунлари қайғуга ботаяпман»

Оила қурганимизга олти ой бўлди. Турмуш ўртоғимнинг уйида биринчи марта Янги йил байрамини нишонлайман. Ҳомиладорман. Балки шунгами ёки қайнонамнинг ҳаддан ортиқ сиқувиданми, охирги пайтлар жуда сержаҳл ва асабий бўлиб қолганман. Уйда ота-онам бу йил куёвим биринчи марта бизни Янги йил билан табриклагани келади, деб кутишаяпти, тайёргарлик катта. Қайнонам эса ўғилларини қизғанади, ўтган икки Ҳайит байрамида ҳам эримни ота-онамни табриклаш учун юбормади. Ҳатто, телефон орқали табриклашни ҳам тақиқлаб қўйди. Бу гапларни ота-онамга айтмадим, бир баҳона билан силлиқлаб юбордим. Энди бирор байрам яқинлашса, тушкунликка тушиб қоламан. Кеча қайнонам Янги йил билан табриклаш учун мен ҳам ота-онамникига бормаслигимни айтди, ҳозирги замонда телефон деган матоҳ бормиш бунинг учун. Биринчи январь куни қайнэгачиларим меҳмонга келишармиш, уларнинг хизматини қиларканман. «Ахир, менинг ота-онам ҳам не умидларда қиз боқиб, сизга, ўғлингизга бутунлай бериб қўйишди, қайнэгачиларим телефонда табриклаб қўйишса, ўзингизни қандай ҳис қилардингиз?» дегим келди-ю, тилимни тишладим. Ҳозир жуда асабийлашганман, жаҳл устида хато иш қилиб қўймасам эди.

Сарвиноз, Тошкент

 

Маслаҳат

Янги оилани синовдан ўтказадиган вазиятлардан бири, бу биринчи Янги йил байрамидир. Ёш келиннинг аҳволини тушунса бўлади, ҳомиладор экан. Аммо кўпни кўрган ота-оналарни тушуниш қийин. Қайнона қудачиликнинг оддий одобини билмайдими? Ўғли, ҳеч бўлмаса, телефон орқали келиннинг ота-онасини табрикласа, ўртада оқибат пайдо бўлади, келиннинг эса шу хонадонга меҳри ортади. Келиннинг ота-онаси ҳам янги куёвни, унинг оиласидаги одатлар, шарт-шароитни ўрганмай туриб, куёв кутиш маросимини уюштиришга шошмаяптилармикан? Бу билан ўзи шундоқ ҳам янги шароитда қийналиб турган қизларига баттар оғирлик туширмаяптиларми? Қизингиз яхши келин бўлса, тиниб-тинчиб кетса, бу йил келмаган куёв кейинги йилларда келар. Ҳозирдан бир нарсаларни кутишга эрта эмасми? Асосийси, бу вазиятда келиннинг ўзини тутиши, қабул қиладиган қарорлари ва чиқарадиган хулосасдир. Ҳали қайнопалари эришган даражага бу келин ҳам етар, уйига ҳар байрамда бориб табриклаш имкони пайдо бўлар. Ҳозирча бунақа нарсаларни кўнгилга яқин олиш керак эмас. Байрам кайфиятини бундай икир-чикирлар билан олдиндан бузманг. Асосийси, бўлажак фарзандингизнинг соғлигини ўйланг, ўзингизни сиқманг. Шундай байрам қилингки, одамларнинг ҳаваси келсин, шу келин билан оилага файз кириб, бу Янги йил шодиёнаси жуда бошқача ўтди, дейишсин. Ҳозир сиздан муносабатларга ўзингизни бағишлаш, оила аъзолари билан алоқаларни яхшилаш учун унча-бунча нарсалардан воз кечиш талаб қилинади. Вақт ўтиши билан ҳаммаси изга тушади. Ота-онангизни бу йилча 31 декабрь ёки 2 январь куни табрикласангиз, нима йўқотасиз ва нимага эришасиз? Шу масалани қандай ечишингизга кўп нарса боғлиқ.

 

Кутилаётган муаммоларга чап беринг!

Оилавий муаммолар ўз ўрни билан пайдо бўлиб ва ҳал этиб борилаверади. Аммо улар Янги йилдек ажойиб, оилавий байрамга раҳна солмаслиги керак. Қуйида ана шундай муаммолардан айримларига қисқача таъриф бериб ўтамиз.

 

Овсинлар орасидаги зиддият. Улар байрам баҳонасида ҳал бўлиб кетиши мумкин, ҳал бўлмаса, шу куни улар ҳақида унутинг. Овсинингизга бир тақсимча тансиқ таомни болалардан бериб юборсангиз, жавобан у ҳам ўз дастурхонидан нимадир илинар. Бу билан ўртадаги жарликка кўприк солган бўласиз.

Тўпалончи фарзандлар. Шу куни болаларга бақирманг, уларнинг ҳам, ўзингизнинг ҳам байрам кайфиятингизни бузманг. Агар Янги йил байрамини қандай ўтказишни олдиндан режалаштириб олган бўлсангиз ва бу режангизда болаларни қизиқарли иш билан жалб қилиш пункти ҳам мавжуд бўлса, ишончимиз комилки, улар ортиқча муаммо туғдиришмайди.

Қулоқсиз ўсмир. Нима ҳам қилардингиз, шундай давр-да, уларда. Мустақил бўлгилари, байрамни ўртоқлари билан нишонлагилари, ота-она назоратидан қочгилари келади. Албатта, назоратсиз қолдириб бўлмайди. Яхшиси, ўсмирларга бирор масъулиятли вазифа юкланг, токи ўзларининг катта одам эканликларини ҳис қилсинлар. Балки отаси билан кабоб пиширар, ош дамлар. Янги йил арафасида ҳуқуқ-тартибот органлари назоратни кучайтирадилар, шу сабабли бундай пайтда кўчада ўртоқлар билан санқиб юриш яхши эмаслигини уқдиринг. Яхшиси,  дўстларини хонадонигизга таклиф қилинг.

Шаҳноза ТЎРАҲЎЖАЕВА 

Шарҳлар

Ўзбекистон бош арчаси қаерда ўрнатилгани маълум қилинди (видео)

10.12.2021, 10:32

Ҳар йили узоқ кутиладиган Янги йил айёмига саноқли кунлар қолди. Тошкентда эса байрам тантаналарини нишонлаш учун тайёргарлик ишлари аллақачон бошлаб юборилган.  Энг баланд саналган юртимизнинг...
Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп?

26.09.2021, 17:45

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп? Давлат статистика қўмитаси маълумот берди. Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида жами 8 871 412 та оила...
Ўзбекистонда 2030 йилга қадар оила институти янада мустаҳкамланади

27.05.2021, 16:56

АОКАда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.Анжуманда  “Ўзбекистон Республикасида оила институтини 2030 йилгача янада мустаҳкамлаш концепцияси” мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида...
Янги йилни яна қорсиз кутиб оламизми?

27.12.2019, 17:33

Инсонлар Янги йил байрамини одатда қорли совуқ об-ҳаво билан кутиб олишни хоҳлайдилар.Бироқ бошқа жанубий ўлкалар каби Ўзбекистон аҳолиси ҳам ҳар доим Янги йилни қор билан...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1