1

Нотаниш Қорбобонинг кутил(ма)ган туҳфаси

МУТОЛАА 27.12.2016, 16:29
Теглар: Хикоя, SUGDIYONA, Янги йил
Нотаниш Қорбобонинг кутил(ма)ган туҳфаси

Севги... Нима у? Қўл билан тутиб, кўз билан чамалаб бўлармикан? Булутлардек тиниқ енгил, тезда тарқаб кетувчи пармикан?! Бу ўй хаёллар менинг онгу шууримни шу қадар қамраб олгандики, тушларимни ҳам «саҳналаштирардим»... Ширин хаёллар оғушидан оғолмай йилларни илғамай қолиш мумкинлигини тасаввур қилиб кўрганмисиз? Мен соатлар ёки кунлар ҳақида эмас, йиллар ҳақида гапираяпман...

Кеча кўзгуга қарадим... Юзларим силиқибди... Онам тўғри айтибди, кўп ишлаб ўзимни олдириб қўйибман. Кўзларимда қувонч бор, лекин уни бир қарашда илғаш қийин. Умид дегани ҳам беҳол кулаётганга ўхшайди... Айтганча, ҳозир қайси фасл? Ўтган куни деразадан баҳорнинг илиқ шабодасини туйгандим. Бугун эса ҳавода қандайдир совуқ там бордек... Секин дераза пардасини кўтариб кўчага қарадим, тавба шаҳарни оппоқ ўрик гуллари қуршаб олганми? Бунча чиройли манзара... Баланд қаватли уйлардан кўчани, одамларни кузатиш мароқли... Тўхта, нимага ҳамма баҳорга, ўрик гулларига монанд эмас... Телевизордан эшитилаётган таниш мусиқа фикримдан чалғитди, тўғрироғи, одамларнинг менинг тавассуримга монанд эмаслигини тушунтириб берди. Уфф, яна ўша сериал, энди уй бекалари, ҳатто, баъзи эркаклар бир ой яна ўшаларнинг дарди билан яшайди. Қайсидир фаслнинг сонатаси... Шошма, ўтган куни баҳор, бугун қиш?! Унда ўртадаги ёз ва куз қаерга кетди? Ёки тақвимнинг икки фаслга аталган саҳифалари ёниб кетдими?.. Кўзларимни юмдим ва тушундимики, мен хаёлларга умр фаслларимни ем қилиб юборибман... Ёшим... ҳар ҳолда ўн саккизда эмас, шукрки қирққа ҳали чиқмадим... Кутиб чарчадим, жуда чарчадим, ёшим ҳақида сўнгги пайтларда ҳеч ким гапирмай қўйди, фойдаси йўқлигини тушунишган шекилли. Яқинларим ва бошқалар мени ҳиссиз қариқизга чиқарган ва энг ёмони улар ич-ичидан ҳаётимда ҳеч қачон севги бўлмаслигига қаттиқ ишонар эди. Тўғриси, қариқизлигимни билардим, аммо менга аталган муҳаббатга кимларнингдир аллақандай қийматсиз хулосаси тўсиқ бўлишидан қўрқардим. Энг ёмони атрофимдагиларнинг шу хулосасига ўзим ҳам ишонишни бошлагандим. Биргина онам ҳали бахтли кунларим олдинда эканлигини айтар, Тангри ўзимга ўхшаганини яратган, фурсати келиб, албатта, у билан учршашимга мендан ҳам кўп ишонарди...

Гардеробдан қизил пальтоимни олиб кийдим. Айтганча, бир ойдан буён шу пальтони кияман, қаранг, либосларим алмашган-у, хаёлларим ўша-ўша содиқлигича қолган... Бугун оқ пальтомни кияман...

Бекатда автобус кутиш ҳар доим ҳам ёқимли эмас, аммо бугун ич-ичимдан кутишга шайман. Энтикиш, нимагадир ҳаяжонланиш... Назаримда 35 ёшда бундай хаёллар ғалати... Биров ўйларимни ўқиб олишидан қўрқдим. Яхши ҳам оқ кийганим, қизил пальтомда оловдек ҳамманинг назарига илинардим...

— Нимага бугун қизил пальтонгизни киймадингиз?..

Кутилмаганда берилган саволга нима деб жавоб қайтаришни билмадим. Зум ўтмай жавобдан олдин саволни ким бергани муҳимлиги хаёлимга келди. Ёнимга қора курткада, баланд бўйли, кўзлари хиёл қисиқроқ бир йигит турарди.

— Тушунмадим? — дедим унга.

— Оқ ҳам сизга ярашар экан... — деди у.

— Биламан, ярашмаганини киймайман, — бироз кўполлик билан жавоб қайтардим. Тўғриси, шу онда нотаниш билан қандай оҳангда бўлмасин суҳбатлашиш ёқарди.

— Бир ойдан бери ўша пальтонгизга маҳлиёман, — ҳазил билан енгил табассум қилди у.

— Атиги бир ойми, мен уч йилдан бери унинг «асири»ман! — дедим кулиб.

— Келинг, бугун ўша автобусга чиқмайлик, қолаверса, ишингиз бошланишига ҳали бир соатча бор. Вақтли бориб, яна столингиз олдидаги ойнадан узо-о-о-оқларга термулиб бировларни илғамай ўтирасиз, — деди ва «юринг», дегандек йўл бошлади. Дастлаб нима дейишни билмадим, аммо бу эртакчининг сюжети менга маъқул бўлаётган эди... Эргашдим...

Орадан кунлар ўтди. Бекатга бир-бир ярим соат эрта чиқиб Нотаниш билан пиёда юриш одатга айланди. Аслида тиш шифокори бўлган бу йигит мени айнан қизил пальтом сабабли ёқтириб қолибди. Кўзларимдаги қувончнинг, умиднинг бўйларини ўстираман, ташвишларингизга елкамни, кўз ёшларингизга кафтимни тутиб, сизни юрагимда асрайман, деган ваъдалардан йироқ, оддий жуда оддий суҳбатлашардик. Севги-муҳаббат ҳақида сўз йўқ эди, аммо менда ўша туйғу ниш ураётганди. Эҳтимол йиллар давомида шундай суҳбатдошга интиқлигим сабаб Нотанишга боғланиб қолаётгандирман, деб ўйлардим. Энг ёмони 35 ёшимда кимгадир алданиб қолиш, ишончимнинг чил-чил синиши ҳақидаги ташвиш эди...

Тақвимга қарадим... 18 декабрь! Янги йилга оз қолди... Мен бу йил билан жуда илиқ хайрлашаман. Агар шу йил келмаганида Нотаниш билан учрашармидим...

...Бекатда уч соатча қолиб кетдим. Бурчакда майда-чуйда сотиб ўтирган аёл менга қайта-қайта қараб, охири қарамай қўйди. Тавба, у ҳам Нотаниш билан танишлигимни билади, шекилли, уни кутаётганимни сезаяпти... У келмади... Бирор иши чиққандир ёки беморлари кўпайган. Совуқ одамларнинг юрагидан аввал милкига таъсир қилади-ку, дея ўзимни юпатдим.

Уч кун ўтди. 22 декабрь. Нотаниш қизил пальтомни яхши кўришини билганим учун атайлаб оқини кийяётгандим. Бугун қизилни кийдим. Яна қайтадан унинг назарига тушиш истаги қалбимнинг туб-тубидан бош кўтаргани учун...

Автобусларни ўтказиб юбордим. Телефоним қўлимда, қўнғироқ қилишга ийманаман... Шу пайт биров «Ишонма, кутма, эркак зотини тупроғи шу...», деди. Пистачи аёлнинг гапи жаҳлимни чиқарди. Оғиз жуфтлаб жавоб қайтармоқчи эдим аёл гапиргани қўймади. «Умримнинг ярмини шу бекатда ўтказдим. Қанча одамларни кўрдим. Яқинда эликка кираман, турмуш қурганимга ўттиз йил бўлди. Болаларим бор. Аммо ҳаётимдан кўнглим тўлмади... Писта сотганим, кун бўйи бекатда ким нима харид қиларкин деган ўйлардан эмас, бу тирикчилик ғами. Мени бошқа нарса қаритди... Эътиборсизлик, биласанми, эрим менга бир марта бўлса-да гул совға қилмаган, ҳатто оқшом чоғлари ўн беш йигирма дақиқа пиёда шунчаки юрмаганмиз ҳам... Мана шулар алам қилади...», Аёлнинг дарди ҳар қанча ўринсиз бўлмасин, менга таъсир қилди... Хайрлашмай, секин бекатдан кетдим.

Кечқурун уйга борсам, онам хурсанд. Уй ичига сиғмайди, мени кўриб кўзлари ёшланди. «Қизим келдингми, ўтир чой ич...» онамга йўқ, дегандек ишора қилдим ва хонамга кириб кетдим...

Кунларим яна аввалгидек ҳувиллаб қолди. Паға-паға ёғаётган қорлар юрагимни босиб қолаётдек эди. Энди бекатга бормасдим, ишга такси билан қатнай бошладим. Қизил пальтомни тахлаб шкафнинг энг бурчагига беркитиб ташладим...

Тақвимнинг охирги йиритилган варағи 22 декабрь. Бирма-бир йиртиб бугунги санага етиб келдим... 31 декабрь. Янги йил келади. Бу йил унинг бошқача келишига ишонгандим. Афсуски, ўтган йиллардан фарқсиз яна қанотсиз хаёллар билан келади... Қани эди уни тўхтатиб қололсам... Мен тўхтатиб қолсам, бошқа бир янги йилга, янги кунларга интиқаётганлар нима қилади?..

Оилавий дастурхон... Іамма хурсанд, тилаклар айтилмоқда... Шу пайт телефоним жиринглади. Яширин рақам... «Алло», дедим секин ўз хонамга ўтиб. «Ким бу?», «Мен Қорбобоман», деган жавоб энсамни қотирди. «Менга Қорбобо керак эмас», дедим тўнғиллаб. «Менга Қорқиз керак», деди кулиб. «Узр, мен Қорқиз эмасман», дедим аламли жилмайиб... «Нимага ундай дейсан оч эшигингни, сенга совға олиб келдим»... Бу Нотанишнинг овози эди... Хурсанд бўлиб кетдим, аммо зумда жаҳл оти келди. Лекин эшикни очиш, уни кўриш истаги ҳаммасидан устун эди. Қўлларим қалтираб эшикнинг зулфини бурадим. Рўпарамда қизил кийимли, серсоқол Қорбобо турарди. Тарвузим қўлтиғимдан тушиб, жиянларим учун чақирилган Қорбобони уйга таклиф қилдим. У қопини кўтариб меҳмонхона томон юрди. Зумда уйимиз қийқириққа тўлиб кетди, болалар, ҳатто, катталар ҳам хурсанд эди. Энг қизиғи, ҳамманинг қўлида совғаси бор. Мен хона эшигига суянганча уларни кулиб кузатардим...

— Бу совғам сенга, — Қорбобо менга яқинлашиб қўлимга кичкина қизил қутича берди.

— Бобожон, мен сизни кутадиган ёшдан ўтганман, совғангизни бошқа болаларга олиб қўйинг, — дедим жаҳлим чиқиб.

— Бурнинг қизариб кетди, совғани ол-да, мен кетгач, қизил пальтонгни кийиб, кўчага чиқ, — дея Қорбобо кўзларимга қаради. Менга меҳр билан турмулиб турган бобожоннинг кўзлари хиёл қисиқроқ эди...

— Амма совғангизни очинг, нима экан, Қорбобонинг зўрини чақирибсиз ҳаммага совға берди... Жиянларимнинг овози хаёлларимни бир жойга йиғди. Атрофга қараб Қорбобони топа олмадим, шоша-пиша қутичани очдим ва унинг ичида узук турарди... «Вой, тиллами, тилла узукми...» катта жиянимнинг ҳайратига эътибор қилмай, шкафимнинг бурчагида ётган қизил пальтомни кийишга ошиқдим... Кўзларимдан тўкилаётган қувонч юрагимда йиғилган зангларни юварди. Қишдан, қизил пальтодан, пистачи хотину ва яна бошқалардан миннатдор эдим... Мен ўтказган йилларимдан миннатдор кайфиятда кўзлари хиёл қисилган, баланд бўйли Қорбобо — Нотанишим олдига ошиқардим...

СЕВДО

Шарҳлар

Ўзбекистон бош арчаси қаерда ўрнатилгани маълум қилинди (видео)

10.12.2021, 10:32

Ҳар йили узоқ кутиладиган Янги йил айёмига саноқли кунлар қолди. Тошкентда эса байрам тантаналарини нишонлаш учун тайёргарлик ишлари аллақачон бошлаб юборилган.  Энг баланд саналган юртимизнинг...
Янги йилни яна қорсиз кутиб оламизми?

27.12.2019, 17:33

Инсонлар Янги йил байрамини одатда қорли совуқ об-ҳаво билан кутиб олишни хоҳлайдилар.Бироқ бошқа жанубий ўлкалар каби Ўзбекистон аҳолиси ҳам ҳар доим Янги йилни қор билан...
Қашқадарёда “Энг яхши янги йил манзараси” танлови бошланди. Илк иштирокчи "InFinBank" (фото)

17.12.2019, 22:10

Қашқадарёдаги ташкилот, корхона ва муассасалар биноларини янги йил арафасида байрамона безалганлик даражасини аниқлаш мақсадида вилоят ҳокимлиги томонидан “Энг яхши янги йил манзараси” танловига старт берилди,...
Тошкентнинг асосий Янги йил арчаси одатдагидан эрта ўрнатила бошланди (фото)

26.11.2019, 17:14

Истиқлол кўчасидаги Алишер Навоий номидаги кутубхонада ёнида одатдагидан кўра эрта Тошкентнинг асосий янги йил арчаси ўрнатила бошланди.Даракчи.уз таҳририятига юборилган суратлардан кўриниб турибдики, Арчанинг каркаси ўрнатиб...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1