Ўзбекистонда аҳолиси энг кўп бўлган туман ва шаҳарлар рейтинги эълон қилинди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.
Қайд этилишича, 2026 йил 1 апрель ҳолатига кўра, мамлакатнинг доимий аҳолиси сони қарийб 38,4 миллион нафарга етган.
Статистикага кўра, аҳолиси энг кўп ҳудудлар рейтингида биринчи ўринни Наманган шаҳри эгаллаган. Ҳозирда шаҳарда 731,3 минг нафар аҳоли истиқомат қилади.
Иккинчи ўриндан Самарқанд шаҳри жой олган бўлиб, у ерда 607,6 минг нафар киши яшайди. Кейинги поғонада эса Самарқанд вилоятининг Ургут тумани қайд этилган. Туман аҳолиси сони 588,6 минг нафарни ташкил қилган.
Шунингдек, рейтингнинг юқори қисмида Андижон шаҳри (506 минг нафар) ҳамда Сурхондарё вилоятининг Денов тумани (442,7 минг нафар) қайд этилган.
Тошкент шаҳридан учта туман — Олмазор тумани (419,6 минг нафар), Юнусобод тумани (395 минг нафар) ва Шайхонтоҳур тумани (374,6 минг нафар) мамлакатнинг энг аҳоли гавжум ҳудудлари қаторига кирган.
Рўйхатдан, шунингдек, Самарқанд вилоятининг Пастдарғом тумани 401,5 минг нафар ва Андижон вилоятининг Асака тумани 369,6 минг нафар аҳоли билан ўрин олган.
Шу тариқа, Наманган шаҳри нафақат бошқа вилоят марказларини, балки Тошкент шаҳрининг энг йирик туманларини ҳам ортда қолдириб, Ўзбекистоннинг энг аҳоли гавжум ҳудуди сифатида қайд этилди.
Аввалроқ Миллий статистика қўмитаси ҳудудлар кесимида аҳоли сони энг кўп бўлган вилоят ҳам маълум қилганди. Унга кўра, Самарқанд вилояти 4 миллион 396,8 минг нафар доимий аҳоли билан республикада биринчи ўринни эгаллаган.






