Шавкат Мирзиёев Остона шаҳридаги “EXPO” халқаро кўргазмалар марказида ташкил этилган Минтақавий экологик саммит кўргазмаси доирасида миллий павильонлар фаолияти билан танишди.
Ташриф давомида Марказий Осиё давлатлари билан бир қаторда Мўғулистон, Озарбайжон, Грузия ва Арманистон делегациялари ҳам ўз экспозициялари билан иштирок этмоқда. Саммит доирасида экологик сиёсатнинг 8 та устувор йўналиши, жумладан иқлим ўзгариши, ҳаво сифатини яхшилаш, чиқиндиларни бошқариш ҳамда “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон павильонида мамлакатнинг экологик сиёсат соҳасидаги ислоҳотлари, “Яшил макон”, “Тоза ҳаво”, “Чиқиндисиз ҳудуд” каби умуммиллий лойиҳалар ҳамда Оролбўйи ҳудудини тиклаш бўйича амалга оширилаётган ишлар намойиш этилмоқда.
Шунингдек, экспозиция орқали Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорликни, хусусан БМТ тузилмалари билан экологик йўналишдаги алоқаларни кенгайтиришга қўшаётган ҳиссаси ҳам акс эттирилган.





