АсосийДУНË

Россиянинг Украинага ҳужумлари оқибатида камида беш киши ҳалок бўлди

Суми вилоятида ҳам Россия билан чегарага яқин ҳудудлардан бирига ҳужум уюштирилган. Вилоят маъмурияти маълум қилишича, оқибатда бир нафар кекса аёл ҳалок бўлган.

'Россиянинг Украинага ҳужумлари оқибатида камида беш киши ҳалок бўлди'ning rasmi

Россия Қуролли кучларининг кеча, 28 июнь куни Украина ҳудудларига амалга оширган ҳужумлари оқибатида камида беш киши ҳалок бўлди, ўнлаб одамлар жароҳат олди. Бу ҳақда Украина маҳаллий ҳокимияти маълум қилди.

Запорижжя вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Иван Федоровнинг маълум қилишича, вилоят маркази — Запорижжя шаҳрига берилган зарбалар натижасида икки киши ҳалок бўлган, яна 16 нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олган. У эълон қилган суратларда ёнғинга учраган бинолар ва вайрон бўлган турар жойлар акс этган.

Россия билан чегарадош Харков вилоятида эса Змийив шаҳри ракета ҳужумига учраган. Вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синэгубовнинг билдиришича, ҳужум оқибатида бир киши ҳалок бўлган, саккиз киши, жумладан икки нафар бола жароҳатланган.

Шунингдек, Харков вилояти полицияси маълумотига кўра, аҳолини шимолий ҳудудлардан эвакуация қилиш ишларини мувофиқлаштираётган полиция ходимларидан бири ҳам хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлган.

Суми вилоятида ҳам Россия билан чегарага яқин ҳудудлардан бирига ҳужум уюштирилган. Вилоят маъмурияти маълум қилишича, оқибатда бир нафар кекса аёл ҳалок бўлган.

Айни пайтда ҳужумлар атайлаб тинч аҳоли яшайдиган ҳудудларга қаратилганини тасдиқловчи мустақил маълумотлар эълон қилинмаган.

Маълумот учун, Россия ҳам, Украина ҳам уруш давомида тинч аҳолини атайлаб нишонга олмаётганини таъкидлаб келади.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Россия дронларининг Украинага уюштирган ҳужуми оқибатида уч киши ҳалок бўлгани хабар қилинган эди.

    Бошқа янгиликлар