Мазкур ҳолат юзасидан Риштон тумани тиббиёт бирлашмаси расмий муносабат билдирди.
Билдирилишича, Риштон тумани Ҳурромобод МФЙда яшовчи фуқаро Гуласал Орипова туман марказий шифохонаси шифокорлари томонидан хизмат вазифасига лоқайдлик билан ёндашиш ҳолати кузатилаётганини билдирган.
Риштон тумани тиббиёт бирлашмаси ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борган. Унга кўра, 2026 йил 26 март куни соат тахминан 03:30 да 1988 йилда туғилган фуқаро Фозилжон Орипов кўкрак соҳасидаги оғриқ билан шошилинч тиббий ёрдамга мурожаат қилган. Қабулдаги шифокор томонидан беморга етарли даражада тиббий ёрдам кўрсатилмаган ҳолда уйига жавоб берилган.
Ҳолат юзасидан ўтказилган ички хизмат текшируви натижасида мазкур шифокор билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Шундан сўнг беморга вилоятдан малакали мутахассислар жалб этилиб, зарур тиббий ёрдам кўрсатилган ҳамда у Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Фарғона филиалига ётқизилган.
Айни пайтда бемор вилоят шифокорлари назоратида даволанмоқда. Унинг соғлиги босқичма-босқич яхшиланиб бораётгани маълум қилинди.






