1

20 дақиқада соҳибжамолга айланиш қоидалари

СУҒДИЁНА 28.12.2016, 09:42
Теглар: Гўзаллик, Янги йил
20 дақиқада соҳибжамолга айланиш қоидалари

Янги йил кириб келишига саноқли кунлар қолди. Яқинларимизга совғалар сотиб олиш, янги йил оқшоми учун таомнома тузиш, ширинликлар пишириш, арча ясатиш, уйни тартибга келтириш, болаларнинг байрамона кийимларини тикиш ва шу каби охири кўринмас ташвишлар билан бўлиб, биз аёллар ташқи кўринишимиз, сочларимизни тартибга келтиришга вақт орттиролмаймиз. Вақтимиз бўлса ҳам чарчоқ енгиб қўяди. Шуни ҳисобга олиб, бугун 15 дақиқада сочимизни чиройли турмаклаш ва 5 дақиқада байрамона пардоз қилиш сирларини ўргатамиз. Бу борада бизга стилист Сардор СОЛИҲОВ ва визажист Эля ШАБАНОВА ёрдам беради. Келинг, ўзимиздан 20 дақиқа вақтимизни аямаймиз.

 

31 декабрь қўлимиз-қўлимизга тегмайдиган кун бўлгани учун сартарошхонага боришни бу кунга режалаштирмаганимиз маъқул. Янги йилга саноқлигина кун қолганини ҳисобга олиб, сочини янгича турмаклаш ёки бошқачароқ ранга бўяшга чоғланаётган дугоналаримизни бу йўлдан қайтарамиз. Негаки янги турмак ёки соч ранги сизга ёқмаса, уни ўзгартиришга имкон бўлмайди. Бундай ишларни байрамдан 10-15 кун аввал бажарган маъқул.

Сочи узун аёллар учун…

Тайёрланиш вақти: 15 дақиқа

Бу турмак сочи қалин аёлларга айниқса чиройли кўринади. Cочни бу тарзда турмаклар кўп вақт ва ҳаракат талаб этмайди. Гулли резинка тақиб байрамона, оддийсини тақиб эса универсал турмакка айлантириш мумкин. Ёқали кофта ва кўйлаклар кийганингизда бу турмак айни муддао бўлади.

1. Пешанадан юқоридаги сочларингизни тараб, ҳажм беринг. Сочингизнинг ҳаммасини ён тарафдан олиб, параллел томонга қиялаб ўраб олинг. Йиғилиб турган сочни мустаҳкамлаш учун резинка тақинг.

2. Резинка тақилган жойдан таҳминан 15 см. пастдан яна битта резинка тақинг. Резинка тагидаги сочнинг ўртасидан бир тутам ушлаб, резинкани юқори томонга кўтаринг. Шунда иккита резинканинг ўртасида қубба ҳосил бўлади. Сочнинг узунлигига қараб, бундай қуббаларни ҳар 15 см. оралиғида қилишингиз мумкин.

Сочи жингалак аёллар учун...

Тайёрланиш вақти: 10 дақиқа

Бу турмак ишлари кўплигидан сочини тарашга ҳам улгурмаган жингалак сочли аёллар учун қулай. Жингалак сочларга тароқ ёрдамида ҳажм бериш шарт эмас, улар табиий ҳажмга эга бўлади. Бу турмак учун ҳозир урфга кирган соч учун ободок ёки «хиппи» резинкаси керак бўлади. Чёлкаси бор аёллар резинка ёки ободокни чёлканинг тепасига, пешанасини очишни истаганлар эса пешанага тақишлари мумкин. Бу соч турмагини юнонча турмак деса ҳам бўлади. Уни байрамларда ҳам, иш, ўқишга ҳам бемалол қилиб борса бўлади.

1. Сочингизга ўзингиз истаган «хиппи» резинкаси, тасма ёки ободок тақинг. Сочларни ён тарафдан бошлаб бир тутамдан олиб, қўлингизда айлантириб, юқорига олиб чиқиб, тасма ёки резинка таққан бўлсангиз, уларни орасига киргизиб, ободок бўлса, шпилка ёрдамида қадаб, мустаҳкамлайсиз. Шу тартибда қолган сочлар ҳам йиғиб чиқилади.

2. Ҳамма сочларни бир хил қилиб ярим ой шаклида йиғганингиздан сўнг қўлларингиз билан турмакланган сочингизнинг орасини очиб, ҳажм беришингиз мумкин.

Сочи сийрак ва ўртача узунликдаги аёллар учун...

Тайёрланиш вақти: 10 дақиқа

Байрам куни ошхонада куймаланиб, сочини ювишга ҳам улгурмаган аёллар диққатига! Бу турмак айнан сиз учун! Таклиф қилаётган турмагимизда сочларнинг ҳаммаси бошнинг ўрама қисмига силлиқ қилиб йиғилгани учун унда камчиликлар билинмай кетади. Сийрак сочли қизларга ҳам бу турмак айни муддао. Уни байрамлар, турли кечаларга қилсангиз бўлади, оқшом кўйлаги билан жуда мос келади.

1. Истасангиз, чёлка қолдиринг ёки сочларнинг ҳаммасини силлиқ қилиб тараб, бошнинг тепа қисмига резинка ёрдамида чиройли қилиб йиғилади. Йиғилган сочни тараб, ҳажм беринг. Ҳажмли бўлса, турмак чиройли кўринади.

2. Ҳажм берилган сочни резинка тақилган жой атрофида айлантириб, шпилка билан мустаҳкамлаб қўясиз. Йиғилган сочнинг орасини очиб, уни янада ҳажмли қилиш мумкин. Бу албатта хоҳишингизга боғлиқ. Чёлка туширган бўлсангиз, уни ён тарафга тараб, тартибга келтирасиз.

Сочи калта аёллар учун...

Тайёрланиш вақти: 15 дақиқа

Ҳозир соч турмакларининг тартибсиз, енгил кўринишлари урфга кирган. Стилистлар ҳам турмак яратиш борасида профессионал тартибсизликка амал қилишаётганини кузатиш мумкин. Буни сиз ҳам қўллаб кўринг. Бу турмак оқшомлар, байрам кечалари ва офис учун ҳам мос келаверади.

1. Бундай турмаклаш қийин эмас. Агар ишларингиз кўп бўлса, сочингизга бигуди ўраб олишингиз мумкин. Ёки плойка ва соч дазмоли ёрдамида йирик кокиллар қилинади. Сочнинг ҳаммасини, чёлкани ҳам турли томонларга бураб плойка қилинг. Шунда турмак янада ҳажмли ва жозибали кўринади.

2. Кокиллар тезда тушиб кетмаслиги учун уларга озгина соч лаки сепсангиз бўлади. Лак қотганидан кейин йирик тишли тароқда тараб, бетартиб ҳолатга келтиринг ва яна бир марта лак сепинг.

Юз пардози

  • Ҳар қандай пардоз юзни тозалашдан бошланади. Юзни ювишда атир совун ишлатиш тавсия этилмайди, чунки у терини қуритиб юборади. Юз ювиш учун махсус тозаловчи воситаларингиз бўлмаса, болалар совунидан фойдаланишингиз мумкин.
  • Юзни ювгач, сочиққа артмасдан, намлигича қолдирган маъқул. Чунки сочиққа ишқалаб артиш юз терисида ёғ ишлаб чиқарувчи ҳужайраларга таъсир этиб, кун давомида юзингиз ялтираб туришига сабаб бўлади. Қолаверса, юзга ҳам намлик керак. Шунинг учун юзни ювгандан кейин сувнинг озгина қисмини сочиққа енгил ҳаракат билан шимдириш етарли.
  • Пардоздан аввал юзингизга озиқлантирувчи крем суртинг. Ортиқчасини қоғоз салфеткага шимдириб олинг. Вақтингиз бемалол бўлса, терига сингишини кутганингиз маъқул.
  • Тональ крем пардознинг асоси ҳисобланади. Унинг айнан тери рангига мосини танланг ва пардоз губкаси билан суртинг. Қовоқларингизга ҳам тень йиғилиб қолмаслиги учун ҳам тональ крем суртинг-да, 2 дақиқа терига сингишини кутинг.
  • Кейинги босқич — упа суртиш. Упани юзга ишқалаб эмас, шапатилагандек ҳаракат билан суртинг. Бу упанинг юз бўйлаб текис тарқалишини таъминлайди.

Қошларга қалам суртиш қоидалари

  • Ёдда тутинг, қошларга қора қалам суртиш мумкин эмас! Бунинг учун жигарранг ва кулранг қаламлардан фойдаланинг.
  • Қош ва кўз учун алоҳида-алоҳида қаламдан фойдаланинг, уларнинг таркиби ва юмшоқ-қаттиқлиги бир-биридан фарқланади.
  • Қошни бўяшда қалам учини марказдан четга қараб µаракатлантириш керак.
  • Охирида қош тароқчаси билан пастдан юқорига қараб таралади.
  • Агар қошларингиз ингичка терилган бўлса, қалам ўрнига сочингиз рангидан 2 тон юқори тусдаги тендан фойдаланиб, қошларингизга шакл беришингиз мумкин.

Кўзларга тень суртамиз!

  • Тенлар ёрдамида кўз шаклини визуал ўзгартириш мумкин. Кўзни каттароқ қилиб кўрсатиш учун қошларнинг ташқи учи тагига ва кўзнинг ички, яъни бурун олди қисмига оч рангли тень суртиш мумкин.
  • Кўз пардозида табиий ранглардан фойдаланишга ҳаракат қилинг. Ҳозир жигарранг тенлар урфда.
  • «Смоки айс» тень суртиш техникаси доим урфда бўлган. Сизга ҳам шу усулни тавсия этамиз. Тень суртгач, кўзнинг тепа қисмига подводка, пастига эса қалам ишлатишни маслаҳат берамиз. Кўзнинг сунъий қанотчалари (подводка ёрдамида чизилган) урфда эмаслигини эслатиб ўтмоқчимиз.

Алвон ёноқлар

Румяна суртиш учун визажистлар юзингизни «балиқ» кўринишига келтириш энг тўғри йўллигини таъкидлашади. Юзингиз бу ҳолатдалигида ёноқларда чизиқча пайдо бўлади. Ана шу чизиқлардан қулоқ тарафга қарата румяна суртиш керак. Кўзга яққол ташланиб турмаслиги учун ёноқлардаги румянани атрофга тарқатиб юбориш керак. Табиий ранглардан фойдаланишни тавсия этамиз.

Тушь суртиш техникаси

  • Киприкларингиз сийрак бўлса, тушдан олдин уларга озгина упа суртинг. Тушни ҳам икки-уч марта қайта-қайта суртсангиз, киприкларингиз қалин кўринади.
  • Кўзларингиз визуал катта кўринишини истасангиз, ишни кўзнинг ички бурчагидаги киприкларга тушь суртишдан бошланг. Ва тушь чўткасини тепага қарата тўғри ишлатинг.
  • Кўзларингизни катталаштириб кўрсатиш ниятингиз бўлмаса, улар жозибали бўлиши учун кўзнинг ички бурчагидаги киприкларни бўяманг. Ташқи бурчакдаги киприкларни ён тарафга қарата қайта-қайта бўяш тавсия этилади.

Лаблар

  • Лаб шаклини кичрайтириш учун қалам билан ҳошия берилмайди ва «блеск»дан фойдаланиш тавсия этилади.
  • Лаб кўринишини катталаштиришни истаган аёллар қаламни лабнинг табиий ҳошиясидан 1 мм. ташқаридан чизишлари керак. Бу қалам ранги лаб бўёғидан 1 тон юқори бўлиши керак.
  • Байрамлар учун қизил лаб бўёғидан фойдаланиш мумкин. Кундалик пардозда эса табиий рангларни ишлатиш тавсия этилади.

Анан энди пардозингизни мукаммал, турмагингизни профессионал даражада десак бўлади. Бу оқшомнинг ягона гўзали СИЗ бўлишингиз аниқ!

Дилноза МИРТОЛИПОВА тайёрлади

Шарҳлар

Ўзбекистон бош арчаси қаерда ўрнатилгани маълум қилинди (видео)

10.12.2021, 10:32

Ҳар йили узоқ кутиладиган Янги йил айёмига саноқли кунлар қолди. Тошкентда эса байрам тантаналарини нишонлаш учун тайёргарлик ишлари аллақачон бошлаб юборилган.  Энг баланд саналган юртимизнинг...
"Гўзалликнинг келиб чиқиши" лойиҳаси инсон гўзаллиги ҳар хил бўлиши мумкинлигини кўрсатди(фото)

03.12.2020, 19:22

Инсониятнинг этник хилма-хиллигини ўрганиш учун "Гўзалликнинг келиб чиқиши" номли лойиҳа ташкил этилди. Миллатлар гўзалликлари ўртасидаги тафовутни намоён этиш учун турли мамлакат вакиллари суратга туширилмоқда.Лойиҳада 18 ёшдан...
Янги йилни яна қорсиз кутиб оламизми?

27.12.2019, 17:33

Инсонлар Янги йил байрамини одатда қорли совуқ об-ҳаво билан кутиб олишни хоҳлайдилар.Бироқ бошқа жанубий ўлкалар каби Ўзбекистон аҳолиси ҳам ҳар доим Янги йилни қор билан...
Қашқадарёда “Энг яхши янги йил манзараси” танлови бошланди. Илк иштирокчи "InFinBank" (фото)

17.12.2019, 22:10

Қашқадарёдаги ташкилот, корхона ва муассасалар биноларини янги йил арафасида байрамона безалганлик даражасини аниқлаш мақсадида вилоят ҳокимлиги томонидан “Энг яхши янги йил манзараси” танловига старт берилди,...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1