Перу прокуратураси фуқаролар Россияда иш ва юқори маошли лавозимлар ваъдаси билан алданиб, кейинчалик Украинадаги урушга жалб қилингани бўйича тергов бошлади.
Маълумотларга кўра, жабрланганларга ойига 2 000–3 000 доллар маош ваъда қилинган. Ҳозиргача тахминан 600 нафар перулик Россия томонидан жанг қилишга жалб этилгани айтилмоқда. Ҳуқуқ ҳимоячилари эса Украинадаги урушда 13 нафар перулик ҳалок бўлганини билдирган.
Россиянинг Лима шаҳридаги элчихонаси айрим фуқаролар Россия қуролли кучлари билан шартнома имзолаганини тасдиқлаган. Перу Ташқи ишлар вазирлиги эса фуқаролар хорижий ҳарбий хизматга киришдан олдин рухсат олиши шартлигини эслатган.
Ҳозирда тергов “одам савдоси” ва “оғир одам савдоси” моддалари бўйича олиб борилмоқда.






