АсосийЖАМИЯТ

Мусулмонлар Жаҳон Лигаси бош котиби: “Ўзбекистон ислом цивилизацияси китобига ёзилган энг ёруғ саҳифалардан биридир”

Бош котиб, шунингдек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида тарихий ва диний меросни асраш ҳамда уни келажак авлодларга етказиш йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни ҳам алоҳида эътироф этди.

'Мусулмонлар Жаҳон Лигаси бош котиби: “Ўзбекистон ислом цивилизацияси китобига ёзилган энг ёруғ саҳифалардан биридир”'ning rasmi

Бугун, 7 июль куни Тошкент шаҳрида ўтаётган I Халқаро ислом цивилизацияси форумида Мусулмонлар Жаҳон Лигаси Бош котиби Муҳаммад бин Абдулкарим ал-Исса Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси тарихидаги ўрнини юксак баҳолаб, мамлакатни «ислом цивилизацияси китобига ёзилган энг ёруғ саҳифалардан бири» деб атади.

Форум тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат ғояларини тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган бўлиб, унда 40 дан ортиқ давлатдан қарийб 300 нафар хорижий олим, сиёсатчи, маданият ва дин арбоблари иштирок этмоқда.

Муҳаммад бин Абдулкарим ал-Исса ўз нутқида Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг йирик ислом цивилизацияси марказларидан бири эканини таъкидлаб, Самарқанд ва Бухоронинг жаҳон илм-фани ва маънавияти ривожида тутган ўрнига алоҳида тўхталди.

Унинг қайд этишича, Самарқанд Буюк ипак йўлининг дурдонаси ҳамда ислом меъморчилиги тараққиётининг муҳим марказларидан бири бўлган. Бухоро эса асрлар давомида ислом оламининг энг нуфузли илм масканларидан бири сифатида танилган ва буюк муҳаддис Имом Бухорий номи билан чамбарчас боғлиқ.

«Биз яхши биламиз ва бундан мамнунмизки, Ўзбекистон харитадаги оддий давлат эмас. У ислом цивилизацияси китобига ёзилган энг ёруғ саҳифалардан биридир», деди Муҳаммад бин Абдулкарим ал-Исса.

Унинг сўзларига кўра, ислом цивилизацияси фақат тарихий ёдгорликлар ёки меъморий обидалар билан эмас, балки илм-фан, қонунчилик, юксак ахлоқий қадриятлар ва маърифатпарварлик анъаналари билан ҳам инсоният тараққиётига улкан ҳисса қўшган.

Шунингдек, Муҳаммад бин Абдулкарим ал-Исса Ўзбекистонда исломий, илмий ва маданий меросни асраб-авайлаш, уни тиклаш ва дунёга танитиш борасида амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолади. У Тошкент шаҳрида барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини ислом олами учун муҳим илмий-маърифий масканлар сифатида эътироф этди.

    Бошқа янгиликлар

    Мусулмонлар Жаҳон Лигаси бош котиби: “Ўзбекистон ислом цивилизацияси китобига ёзилган энг ёруғ саҳифалардан биридир” - Darakchi.uz