Қорақалпоғистон Республикаси туманларидан биридаги кадастр бўлими бошлиғи ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, фуқародан 2 минг АҚШ доллари миқдорида пора олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Маълум бўлишича, мансабдор шахс 1987 йилда туғилган фуқаро томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган 132 квадрат метр ер майдонида қурилган бинога нисбатан мулк ҳуқуқини расмийлаштириб беришни ваъда қилган. Ушбу бино фуқаролик ишлари бўйича суднинг 2024 йилдаги ҳал қилув қарорига асосан мажбуран бузилиши белгиланган.
Хабар қилинишича, у мазкур масалада ижобий ҳал этиш эвазига пул талаб қилган ва пора олаётган вақтида ушланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фуқаролардан шу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келганда тегишли идораларга мурожаат қилишни сўрамоқда.






