1

Оппоқ орзулар кечаси

СУҒДИЁНА 29.12.2016, 11:56
Теглар: Аёл, SUGDIYONA, Янги йил
Оппоқ орзулар кечаси

 

Янги йил! Энг севимли, энг мўъжизакор ва энг ажойиб байрам! Кап-катта бўлиб қолганимизга қарамай, шу байрамдан негадир мўъжиза кутишда ва яхши ниятлар қилишда давом этаверамиз…

Лекин мўъжиза ўз-ўзидан содир бўлмайди, унга яхшилаб тайёргарлик кўриш керак. Нима, сизнингча, олмос кўзли зирак ёки автомат кир ювиш машинасини орзу қилишингизнинг ўзи етарлими? Ўйлайсизки, Қорбобо (ёки эрингиз) Янги йил кечаси туҳфа этади-ю, яна бир орзуингиз амалга ошганидан бахтиёр юраверасизми? Ҳафсалангизни пир қилишга мажбурман, ҳеч қачон бундай бўлмайди!

Биз — аёллар Янги йилни қандай кутиб оламиз. Бонг урилишига беш дақиқа қолганда сочимиздан бигудини ечиб, кўзларимизни апил-тапил бўяймиз, музлаткичдан «шампанское»ни келтирамиз, бокаллар учун яна бир бор ошхонага бориб келгунимизча соат миллари ўн иккини кўрсатиб бўлади. Ният эса ҳалиям қилинмаган, бор орзулар хаёлдан кўтарилган. Апил-тапил: «Соғ бўлайлик!», «Тинчлик-хотиржамлик бўлсин!», «Шу йил орзу қилган нарсаларимга етишай», «Янги уй (машина, дала ҳовли) сотиб олайлик» сингари эзгу, аммо ноаниқ ва одатий тилакларни такрорлаймиз-қўямиз. Ва бир хоналик ижара квартирада яшашда, автобусда ишга қатнашда ва ёзда, ҳеч бўлмаса, болаларимизни оромгоҳга жўнатиш учун куйиб-пишишда давом этаверамиз.

Бироқ бу йил ҳаммаси бошқача бўлади. Демак, қуйида Янги йил тилакларини аниқ-тиниқ баён этиш ва уларнинг амалга ошиши учун нималар қилиш ҳақида тавсиялар келтирамиз.

Аввало, фаол орзу қилиш керак. Халқимизнинг Янги йилни кутиб олишга доир ўз иримлари бор. Ҳар қандай скептик (танқидий фикрловчи) одам ҳам бу байрамда бироз иримчироқ бўлиб қолади. Бировдан олган қарзларини қайтаради, рўзғорим йил давомида кам-кўстсиз бўлсин дея дастурхонини тўкин қилади, эски йилдаги гина-кудуратни янгисига олиб ўтмаслик учун низоларни бартараф этишга, кечиришга ва кечирим сўрашга ошиқади. Аёллар имкон бўлса, бошдан-оёқ янги либос кийишга (имкон бўлмаса, жиллақурса, битта янги пайпоқ сотиб олишга) ҳаракат қиладилар. Буларнинг бари, яъни эзгулик ҳақида ўйлаш, унга интилиш, уни чақириш ўзига хос ажиб бир муҳитни яратади. Шундай шароитда рўй бермаса мўъжиза, қачон рўй беради?!

Қорбободан совға сўрашнинг ҳам ўзига яраша йўл-йўриғи бор. Биринчи қоида, нима исташингизни аниқ билиш. Иккинчиси, уни ифодалай олиш. Бекорга ёш болаларга «Қорбобога хат ёз» дейилмайди. Чунки ёзаётиб инсон истакларини ўзи учун аниқлаб олади, аниқ ва лўнда ифодалайди ва агар истаклар бир нечта бўлса, уларни энг заруридан бошлаб рўйхатга тизади. Бу билан ички оламимизда ҳам маълум бир равшанлик ва тартиб юзага келади.

 

Қуйидаги саволларга жавоб беришга ҳаракат қилинг!

1. Агар истагим амалга ошса, нима бўлади?

Орзунгиз рўёбга чиққан дамларни хаёлан тасаввур қилинг. Нимани ҳис этасиз? Агар ўнғайсизлик, уят, ноқулайлик каби ҳисларни туйсангиз, ҳозирданоқ бу ниятдан воз кечинг. Демак, орзу қилаётганингиз сизга ёт нарса. Эртага у рўёбга чиқиб қолса, сизга бахт эмас, кўнгилсизлик келтириши тайин.

2. Агар истагим амалга ошса, нима бўлмайди?

Бу савол айни дамдаги, яъни орзуингиз ҳали рўёбга чиқмаган, орзулигича қолган пайтларнинг афзалликлари, келажакда йўқотиб қўйишингиз мумкин бўлган нарсалар, дуч келишингиз эҳтимоли бор хавф ҳақида ўйлаб кўриш имконини беради. Олайлик, пулингиз кўп бўлишини орзу қиляпсиз. Аммо кўп пул ортидан талай ташвишларни ҳам етаклаб келади. Унутманг, айрим нарсаларга эришгандан кўра улар ҳақида орзу қилиб юрган маъқулроқ.

Масаланинг бундай тарзда қўйилиши сиз шу пайтгача ўйлаб ҳам кўрмаган ва борлигини сезмай келаётган қадриятлару имкониятлар ҳақида ўйлаб, мушоҳада этишга, борингизни қадрлаб, шукр қилишга ўргатади.

Орзулар амалга ошишининг яна бир шарти эса – ниятнинг софлиги. Ният қилдим, амалга ошар экан деб орангиздан ола мушук ўтган қўшнингизнинг борса-келмасга даф бўлишини сўраш мумкин эмас. Янги йилда фақат тоза ва эзгу ниятлар қилиш лозим. Ундан кўра ўша қўшнингиз билан ярашиб олишни сўранг. Яна ҳам маъқулроғи, бир тақсимча салатми ё норин кўтариб байрам билан табриклагани чиқинг, жон деб кутиб олишига 200 фоиз кафолат (мабодо, унинг ўзи отни илдам қамчилаб, чиқиб қолса, очиқ юз билан кутиб олинг). Худди шундай, бизнесдаги рақибим синсин деб эмас, ишда омадим келиб, рақибларимдан ўзиб кетай қабилида ният қилиш лозим.

Яна бир муҳим шарт – ишонч. Ахир, амалга ошишига ишонмасангиз, мўъжиза сўраб нима қиласиз? Бир оз ножоиз бўлса ҳам, мўъжизани арвоҳга ўхшатишларини эслатмоқчиман. Яъни ишонсангиз – у бор, ишонмасангиз – йўқ.

Унутманг! Ният қилиб бўлгач, уни «қўйиб юборинг». Худди қушни қафасдан озод этгандек ёки компьютерда «печатать» тугмасини босгандек. Тўғри ва аниқ ифодаланган ният албатта амалга ошади, фақат сиз қани амалга ошармикан, қанчалик тўғри амалга ошаркин ёки тезроқ амалга ошсайди дея унга тикилиб ўтирмасангиз, бас. Шунчаки, у ҳақда унутинг. Вақти келиб орзуингиз рўёбга чиққанида ўзингиз ҳайрон қоласиз. Бу шунақанги ажиб бир ҳиски…

 

«Қорбободан сўрардим…»

Ҳар кимнинг орзуси ўзиники, ўзгача ва ўзига хос. Айримларини кунда айтиб юрсалар, бошқаларини фақат Янги йил оқшомидагина тилга оладилар. Нима бўлганда ҳам, орзу қилишдан чарчамаслик керак. Қуйидаги ватандошларимиз каби…

Ҳилола, 4 ёш

— Боғчага боришни истамайман. Янги йилда боғчалар ишламай қолсин, Қорбобожон!

Алишер, 6 ёш

— Қорбобо, мен арчанинг тагига сен учун конфет ва печеньелар, қорқиз учун торт бўлаги, буғуларинг учун эса сабзи қўйиб қўйдим. Илтимос, менга ўртоғим Фаррухникидан-да учқурроқ велосипед олиб кел.

Мафтуна, 8 ёш

— Ҳурматли Қорбобо, мен биламан, бу сенинг қўлингдан келади, мен отам ва онам яна бирга яшашларини истайман. Ойимга ўхшаб «йўқ» дейишга шошилма, балки нимадир қилиш мумкиндир. Бир уриниб кўр, илтимос.

Фарида, 14 ёш

— Эҳ, Қорбобо, нега бу сепкилу ҳуснбузарлар айнан менинг юзимдан чиқаркин-а? Илтимос, шундай қилгинки, эрталаб турганимда улардан асар ҳам қолмай, юзим худди Айшварияникига ўхшаб силлиқ бўлиб қолсин.

Нозим, 18 ёш

— Қанийди, «контракт»имнинг иккинчи ярмини тўлаб берадиган мард топилса…

Сарвиноз, 21 ёш

— Бу йил ҳаётимга мени бир умр севиб ардоқлайдиган йигит ҳақиқий Қорбободай кириб келсаю, барча орзу-ҳавасларимни бехато амалга оширса яхши бўларди.

Гулсанам, 25 ёш

— Икки қизим бор, бу гал УЗД қилдирмадим, биттагина ўғил кўрсайдим…

Зулфия, 36 ёш

— «Права»ни олдим, янги йилда хўжайин ваъда қилган машинасини совға қилармикан?! Совға қилмаса, ўзиникини ҳайдаб кетаман!

Шафоат, 42 ёш

— Қизим бир жойга бўлай деб турибди, ишқилиб ўхшасин-да…

Шоҳида опа, 60 ёш

— Шунчалик тинч-омон яшаб юрганимизга шукур. Соғлик бўлсин, ўлимдан бошқа барининг чораси бор.

Фароғат ая, 75 ёш

— Ҳаммаси Яратганнинг измида. Шу кунларга етказганига шукр.

 

Шаҳноза СОАТОВА

Шарҳлар

Ўзбекистон бош арчаси қаерда ўрнатилгани маълум қилинди (видео)

10.12.2021, 10:32

Ҳар йили узоқ кутиладиган Янги йил айёмига саноқли кунлар қолди. Тошкентда эса байрам тантаналарини нишонлаш учун тайёргарлик ишлари аллақачон бошлаб юборилган.  Энг баланд саналган юртимизнинг...
Аёлни қотилликка бошлаган рашк: Янгийўллик жувон бошқа аёлга уйланмоқчи бўлган шаръий никоҳидаги эрини ўлдириб қўйди...

23.08.2021, 16:08

Қишнинг қировли кунларидан эсон-омон чиқиб олган Комилжон ота кенжа фарзанди Муродни (исм-шарифлар ўзгартирилган) уйлаш мақсадида тўй тайёргарликларини бошлаб юборди. Узоқ изланишлардан сўнг қиз ҳам топилди. Бироқ унаштирув...
Аёлнинг жони қирқта, аммо қисмати биттами? Ёхуд зўравонлик ва тазйиқ қурбонлари… (видео)

01.06.2021, 18:32

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда хотин-қизларнинг таҳқирланиши, аёвсиз калтакланиш ҳолатлари акс этган хабар ва воқеалар ҳақидаги чиқишлар кескин ортиб кетди. Аммо бу каби вазиятлар кечагина содир...
Фарғонада 32 яшар аёл томорқасида кўкнори етиштираётгани аниқланди

13.05.2021, 22:34

Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида 32 яшар аёл уйининг томорқасида кўкнори ўсимлиги етиштираётгани аниқланди, дея хабар бермоқда ИИВ матбуот хизмати.Қайд этилишича, 2021 йилнинг 5 май куни...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1